Ҳокимликка кўра бу қисқариш жамоатчилик норозилиги билан боғлиқ эмас.
Жорий йилнинг 29-31 июль куни Андижон вилоятида халқаро «Дунё садолари» фестивали ўтказилади. Вилоят ҳокимлигининг 7 июндаги эълонида мазкур фестивалга дунёнинг машҳур санъаткорлари – Модерн Талькинг, Питбул, Инна, Камелиа, Сеан Паул, Эминам, «50 цент», Таркан, Мустафа Сандал, Араш, Шохруххон иштирок этиши айтилган эди.
Аммо гонарари минг ёки миллион доллар бўлган хонандаларнинг Ўзбекистонга таклиф этилиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга ва кескин эътирозларга сабаб бўлган эди.
Масалан, биргина Иннанинг хизмат ҳақи 20 000 еврони ташкил қилади.
«Ҳа, 22 млн доллар экан холос-ку… Ҳеч нараса эмас, сарфласак, сарфлабмиз шуларга. Бошқа сарф қиладиган жойимиз бормиди?»,
дея ёзган блогер Исломжон Қодиров санъаткорларга ажратиладиган пулларни аччиқ кулги остига олиб.
Яна бир Facebook фойдаланувчиси Бекзод Юсупов тадбирнинг ўтказилишини танқид қилган.
«Бизнинг савиямизга баҳо бермоқчи бўлсангиз, биз ўтказадиган тадбирларга боқинг»,
деб ёзган у.
Журналист Каримберди Тўрамурод эса ҳокимлик мутасаддилари олдига бир қанча жиддий саволларни ташлаган.
«Энди менда 70-80 та савол туғилди-да, айримларини ёзаман:
- Бу юлдузларнинг энг кам ҳақ оладигани 20.000 доллар бўлса, энг кўп оладигани 2.500.000 (икки ярим миллион!) доллар! Демак, ўртача ҳисоблаганда ҳам келаётган юлдузларга тўланадиган гонорар 25 миллион доллар бўлади. 5 миллион Ўзбекистон юлдузларига, 5 миллион Марказий Осиё ва собиқ совет қўшиқчиларига берилса, 35 миллион доллар, 10 миллион ташкилий ишларга кетса, 5 миллионлик «Путин сомса» ва «Танзил ҳолва» ҳам ейилади, табиий!Хўўўш, 50 миллион долларни Андижон ҳокими чўнтагидан тўлайдими? Бюджетдан тўласа, бунча пулни унга ким беради?
- Анора Содикова ёзаяпти: «ЮНИСЕФ ташкилоти ёш болаларнинг етарли миқдорда овқатланмаслиги билан боғлиқ масалалар таҳлилига бағишланган ҳисоботини эълон қилди. Бундай муаммога эга мамлакатлар 63 та бўлиб, уларнинг қаторида Ўзбекистон ҳам бор».Шундай экан, бунча пулга ўзбекистонлик нечта бола тўйиб овқат еган бўларди?
- Қизиқ савол: Тепадаги юлдузларни ким талаб қилди? Ўзбекистонликларми? Андижонликларми? Хонободликларми? Менимча, йўқ! Шахсан мекн уларнинг бирортасини кўриш тугул, эшитишни ҳам истамайман!
- Ўша юлдузларга шунча харажат қилиб, фестивал ўтказилгандан кейин Ўзбек халқи, майли, Андижон халқи, майли, қўйинг, Хонобод халқи яйраб-яшнаб кетадими? Ўзбекистон ёки Андижон, ҳеч бўлмаса, Хонобод гуллаб, обод бўлиб кетадими?НИМА ФОЙДА БУ ФЕСТИВАЛДАН?
- Саволим жуда кўп, аммо битта асоссий саволни бермоқчиман: Бу фестивал ташкилотчиларига «Ҳов, нима қилаяпсан?» дейдиган одам борми Ўзбекистонда?
- «Кимдан сўраб қилаяпсан бу ишни?» дейдиган мард борми?
- «Тўхтат бу халқ мулкини талон-тарож қилишни!» дея оладиган раҳбар борми Янги Ўзбекистонда?!»
деган Тўрамуродов.
10 июль куни эса Андижон вилоят ҳокимлиги фестивалга фақат Jony, Jan Khalib, Inna, Dianella, Megan ва ўзбекистонлик Юлдуз Усмонова, Шохруххон, Райҳон ва Ҳамдам каби санъаткорлар келишини очиқлади.
Uzdiplomat.uz Андижон вилояти матбуот котиби билан боғланганида фестиваль бўйича ҳеч қандай маълумотларни очиқламаслигини айтди.
«Биз ҳозир тадбир ҳақида ҳеч қандай маълумотлар бера олмаймиз. Барчасини матбуот анжуманида маълум қиламиз. Келиши режалаштирилган санъаткорлар ҳам ўзгариши мумкин, буларни ҳам аниқ келади дея олмаймиз»,
деди Ахборот хизмати ходими Муслимбек Иброҳимов.