“UzAvto Motors” АЖда ишлаб чиқарилаётган “автомобиллар олд эшиклари учун бутловчи қисмларни харид қилиш бўйича” ўтказилган танловда афилланганлик ҳолатлари аниқланди.
Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Ушбу танловга жами иккита талабгорлар томонидан тижорат таклифлари билдирилган бўлиб, харид комиссиясининг 2024 йил 8 июль кунидаги баённомасига мувофиқ энг яхши таклифни аниқлаш орқали 1,3 млрд сўм нарх таклифи билан “EKO TSEM KOMPLEKT OBORUDOVANIE” МЧЖ танлаш ғолиби, “EKO LIT METALL” МЧЖ эса заҳира ғолиби деб топилган.
Аммо очиқ манбалардаги маълумотларна кўра, танлов ва заҳира ғолиблари ўртасида боғлиқлик бор.
Масалан, заҳира ғолиби “EKO LIT METALL” МЧЖнинг раҳбари ва ягона таъсисчиси ҳисобланувчи Мтуалипов Анваржон Абдурахим ўғли — бир вақтлар “EKO TSEM KOMPLEKT OBORUDOVANIE” МЧЖнинг 50 фоиз улушига эгалик қилган.
“Келтирилган ҳолатлар юзасидан Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишда ушбу харид жараёнида иштирок этган тадбиркорлик субектларининг раҳбар ва таъсисчилари яқин қариндош эканлиги, шу боис мазкур жамиятлар аффилланган шахслар ҳисобланиши маълум бўлган.
Харид комиссияси томонидан юқоридаги давлат харидларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг бир қатор талаблари бузилганлиги сабабли буюртмачига харид натижаларини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилди”,
дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарида.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар айбдор шахсларга қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилган.