Тошкент ва вилоятлар ўртасида тиббиёт хизмати сифатида фарқ катталигича қолмоқда
✔️ Аҳоли даволанишга сарфлаган маблағнинг тенг ярми фақат Тошкентга тўғри келмоқда
✔️Статистика очиқлаган аччиқ ҳақиқатлар
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги бозор хизматлари ҳажми январь–октябрь ойларида 16,5 трлн сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитасига кўра, бу ўтган йилга нисбатан 15,4% ўсиш демакдир. Жами хизматлар таркибида тиббий хизматлар улуши 2% бўлса-да, реал бозорда бу кўрсаткич аҳолининг юқори эҳтиёжини акс эттирмоқда.
Энг катта сарфлар анъанавий тарзда Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда — 7,7 трлн сўм. Бу деярли мамлакатдаги умумий тиббий сарфнинг ярмига яқин. Ортидан Тошкент вилояти (1,6 трлн), Самарқанд (1,2 трлн) ва Фарғона (1,1 трлн) келмоқда. Бу тўрт ҳудуд мамлакат тиббий бозорининг асосий қисмини формалаштираётганини кўрсатади.
Қолган вилоятларда сарф кўрсаткичлари бир неча баробар паст: масалан, Навоийда 269 млрд сўм, Қорақалпоғистонда 285,6 млрд ва Сирдарёда 293,1 млрд сўм. Бу фарқлар аҳолининг даромад даражаси, хусусий клиникалар инфратузилмаси ва малакали кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ.
Сарфнинг ўсиши бир нечта тенденцияларни кўрсатади: хусусий тиббиётнинг фаол ривожланиши, диагностика ва даволаш нархларининг ошиши, профилактикага эмас, кеч босқичда мурожаат қилиш одатининг давом этиши. Шу билан бирга, аҳолининг соғлиқка бўлган талабининг сезиларли ошгани ҳам намоён бўлмоқда.
Умуман, статистика соғлиқни сақлаш тизимидаги икки асосий кўрсаткични очиб беради: биринчиси — тиббий хизматларга эҳтиёж ва сарфнинг узлуксиз ўсиши; иккинчиси — пойтахт ва вилоятлар ўртасидаги тиббий имкониятлар ва сарфлар бўйича тенгсизлик мавжуд.




