Ўзбекистон Ал-Азҳар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқчи
Мисрнинг Al-Liwaa Al-Islami нашри янги лойиҳалар бошланаётганини ёзди.
Мисрнинг диний-ижтимоий йўналишдаги нуфузли нашри Al-Liwaa Al-Islami (“Исломий Байроқ”) Ал-Азҳар ва Ўзбекистон ўртасидаги янгича ҳамкорлик ҳақида материал эълон қилди. Газета маълумотига кўра, Ал-Азҳар Шайхи, доктор Аҳмад ат-Таййиб Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевани қабул қилган ва бу учрашувда янги лойиҳалар ҳақида сўз борган.

Учрашувда икки томонлама илмий муносабатлар янги босқичга кўтарилиши мумкинлиги қайд этилди, деб ётади нашр.
Доктор Аҳмад ат-Таййиб суҳбат чоғида Ўзбекистонни ислом илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган мамлакат сифатида таърифлаган. У Мотуридий, Термизий, Замахшарий, Фаробий, Хоразмий каби алломаларнинг меросини Ал-Азҳарнинг илмий анъаналарида ҳам алоҳида ўринга эгалигини таъкидлади.
Шунингдек, у Саида Мирзиёеванинг хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, болаларни асраш, таълим ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги ташаббусларини қўллаб қувватлашини қайд этган.
Учрашувда Мусулмон давлатлари илмий муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш,
қўшма таълим дастурлари яратиш, талабалар ва олимлар алмашинуви, 100 мингдан зиёд ислом қўлёзмаси бўйича қўшма тадқиқотлар, Имом Мотуридий меросини тарғиб қилиш,
экстремизм таъсирига тушганларни реабилитация қилишда ҳамкорлик бўйича келишилган.
Ал-Азҳар Шайхи ушбу таклифларни қўллаб-қувватлаб, амалий ишлар учун қўшма комиссия тузишни топширди.
Учрашув якунида Саида Мирзиёева Шайх ат-Таййибни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш ва Ислом цивилизацияси маркази очилишида иштирок этишга таклиф қилди. Газета маълумотига кўра, Ал-Азҳар раҳбари бу таклифни қабул қилган.
Al-Liwaa Al-Islami, шунингдек, Зайед инсонпарварлик ва биродарлик мукофоти ҳакамлар ҳайъати томонидан Ал-Азҳар масжидига амалга оширилган зиёрат ҳақида ҳам хабар берди. Делегация Аз-Азҳарнинг кўп асрлик илмий роли ва жаҳон миқёсидаги ўрни билан танишди.
Маълумот учун, нуфузли ҳайъат аъзолари тавсиясига кўра бериладиган мукофот 2019 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳозиргача 15 мамлакатдан 16 номзод тақдирланган.




