Қирғизистоннинг Давлат картография-геодезия хизмати Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатларнинг картографик идоралари иккинчи мажлисида туркий давлатлар ягона харитаси лойиҳаси тақдим этилишини маълум қилди. Бу ҳақда идора раҳбар ўринбосари Наринбек Исабеков билдирди, деб хабар бермоқда ExpressAsia.
Лойиҳанинг амалга оширилиши бўйича дастлабки келишув 2023 йилда Анқарада бўлиб ўтган ТДТ учрашувида эришилган эди. Мазкур муҳокамаларда электрон 3D-картографияга ихтисослашган Нидерландиянинг MipMap Technologies компанияси мутахассислари ҳам иштирок этган.
Маълумотларга кўра, яратилаётган харита оддий топографик схема эмас, балки ягона геоахборот тизими (GIS) бўлиб, унда фойдали қазилмалар конлари,
транспорт коридорлари ва логистика нуқталари,
инфратузилма объектлари, шу жумладан иккиламчи мақсадда қўлланиладиган иншоатлар,
давлат ва ҳарбий объектлар жойлашуви,
стратегик аҳамиятга эга корхоналар ҳақидаги маълумотлар ўрин олади.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай харита минтақадаги кенг кўламли геоахборотни бирлаштирган ягона платформа вазифасини бажаради. Шу билан бирга, маълумотлар базасига кириш тартиби ва уни бошқариш механизмлари бўйича саволлар очиқлигича қолмоқда.
Тахлилчилар фикрига кўра, лойиҳа маданий ҳамкорлик доирасидагина эмас, балки кенг ҳудудий маълумотларни бошқариш билан боғлиқ техник ва институционал ёндашувларни ҳам талаб қилади.




