Аввалроқ, Фарғона шаҳридаги 2-, 58- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 62 нафар тарбияланувчиси ўткир диарея ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик.
- 2025 йилдаги заҳарланишлар: асосий ҳолатлар
- Тендер таҳлили: қайтарилаётган “сценарий”
- “Бир туман — битта етказиб берувчи”: монополия хавфи
- Тошкент вилояти: 20 та тендер, 213,5 млрд сўм
- Бошқа ҳудудлар: Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё
- 2026 йил: қўшимча келишувлар ва “номаълум” ҳудудлар
- Қонунчилик: шартномани узайтириш мумкин, аммо амалиёт савол туғдиради
- Эксперт фикри: депозит ва “ёпиқ” рақобат
- Яна бир сигнал: 441 млрд сўмлик тендерларда қонунбузилишлар аниқланган
Бу боғчаларга “Garden Catering Trade» МЧЖ хизмат кўрсатган. Унга Бозоров Иқболжон Хабибуллоевич эгалик қилади. Монополия билан захарланишнинг боғлиқлик жихати йўқ эмас. Қизиқ жихати шундаги Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров 2024 йил 25 июлда боғчаларда соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича қарор қабул қилган ва ўшанда Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида 5 ой муддатга кейтеринг тизими жорий этилиши, таомларни тайёрлаш ва етказиш билан эса Қувасойдаги “Garden Catering” қўшма корхонаси шуғулланиши бўйича таклифлар маъқулланган. Шу тариқа ўшанда ташкил этилганига бор йўғи 9 кун бўлган корхонага минглаб болалар таъминоти танлов ёки тендер ўтказмасдан ишониб топширилган. Мазкур тажриба-синов натижалари ижобий бўлса, йил якунига қадар ушбу тизим Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида ҳам ташкил этилиши белгиланган.
Кейинроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Garden Catering” корхонаси фаолиятини ўрганиб, хизматларида бир қанча талабларга риоя қилинмагани, хусусан, таомларнинг рецептура тўплами, таркибий қисми ҳамда энергетик қиймати белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқилмагани, тарбияланувчиларга етказиб бериладиган таомларни ташиш, сақлаш ва истеъмолга берилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари бўйича тизимли ишлар белгилаб олинмаганини маълум қилган.
Рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳокимидан Қувасойдаги кейтеринг корхонасига оид қарорини бекор қилишни талаб қилганди. Лекин бу талаб унутилган.
Бу каби ҳолатлар ягона эмас, балки тизимли давом этмоқда!
2025 йилда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида давлат МТМ (мактабгача таълим муассасаси)ларида болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолатлари кузатилганига эътибор қаратган tanga.uz журналистлари суриштирувларида боғчаларга овқат етказиб берувчи корхоналар қандай тарзда танланиши ва бу жараёнда рақобат (монополия) хавфи қанчалик юқори эканига урғу бермоқда.
2025 йилдаги заҳарланишлар: асосий ҳолатлар
2025 йил сентябрь–октябрь ойларида бир қатор ҳудудларда давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши қайд этилди.
- Энг йирик ҳолат сентябрь ойида Тошкент вилоятида кузатилган: расмий маълумотларга кўра, Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйи Чирчиқ ва Оққўрғон туманларида мингдан ортиқ тарбияланувчиларда овқатдан заҳарланиш белгилари аниқланган. Юзлаб болалар шифохонага ётқизилгани, жиноий иш қўзғатилгани ва айрим шахслар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган.
- Терговнинг дастлабки босқичида эҳтимолий манба сифатида боғчаларга марказлашган ҳолда етказиб бериладиган сут ва ферментланган сут маҳсулотлари тилга олинган.
- Октябрь ойида шунга ўхшаш, аммо кўлами кичикроқ ҳолат Жиззах вилояти Фориш туманида қайд этилган; сабаб сифатида яна сут маҳсулотлари айтилган.
Кўпчилик табиий равишда “ким етказиб берди, қайси овқат, раҳбар ким?” деган саволларга жавоб қидиради. Лекин камроқ кўринадиган, бироқ ҳал қилувчи савол бор: етказиб берувчилар қандай танланади?
Тендер таҳлили: қайтарилаётган “сценарий”
tanga.uz журналистлари давлат тендерлари натижаларини ўрганиб, 2025 йилда заҳарланиш қайд этилган ёки ўрганишга тушган ҳудудлардаги тендерларга эътибор қаратган:
- Тошкент вилояти — 20 та туман/ҳудуд
- Жиззах вилояти — 6 та туман
- Самарқанд вилояти — 5 та туман
- Сурхондарё вилояти — 5 та туман
Таҳлил давомида такрорланаётган ҳолатлар аниқланган:
- Аввалига тендерда бир неча компания иштирок этади ва жараён “рақобатли” кўринади.
- Аризаларни кўриб чиқиш босқичида иштирокчиларнинг катта қисми дисквалификация қилинади.
- Якунга бориб, қоидаларда белгиланган минимал ҳолатда — иккита иштирокчи қолади.
- Дисквалификация сабаблари кўп ҳолларда “малакалар” ва таклиф таркибига оид 2 ва 3-иловалар билан изоҳланади, аммо протоколнинг ўзида қайси ҳужжат етишмагани ёки нима нотўғри экани аниқ ёритилмайди.
Қўшимча муаммо: давлат харидлари порталида ҳужжатларни кўриш имкони бўлса-да, мазкур тендерларда иштирокчиларнинг ҳужжатлари яширилган. Бу эса жамоатчиликка дисквалификация қарорлари қанчалик асосли эканини текшириш имконини бермайди. (Тадбиркорлар бундай яшириш ҳуқуқига эга экани молиявий сирларга боғлиқ ҳужжатлар бўлиши мумкинлиги билан изоҳланади.)
Натижа: тендерлар формал талабларга “мос” кўринса-да, танлов логикаси ва очиқлик даражаси савол остида қолади.
“Бир туман — битта етказиб берувчи”: монополия хавфи
Суриштирувда яна бир муҳим жиҳатга урғу берилади: айрим ҳудудларда бутун туман (ёки шаҳар) бўйича боғчаларга овқат етказиб бериш битта ташкилот зиммасига тушиб қолган.
Мисол сифатида: Самарқанд шаҳрида 99 та давлат боғчаси бўлиб, уларнинг барчаси ягона етказиб берувчи томонидан қамраб олингани қайд этилади.
Шунингдек, айрим компаниялар бир вақтнинг ўзида 5–6 та, баъзи ҳолларда эса 10 тагача ҳудудда тендер ютиб келаётгани ҳам монополлашув хавфини ошириши мумкинлиги таъкидланади.
Тошкент вилояти: 20 та тендер, 213,5 млрд сўм
tanga.uz 2025 йил август ойида Тошкент вилоятида ўтказилган 20 та тендер натижасида 5 та корхона ғолиб чиққан. Умумий сумма — 213,5 млрд сўм.
Қайд этилган асосий боғлиқликлар:
- “Govorness Business” МЧЖ ғолиб бўлган 10 та тендернинг барчасида якуний босқичда асосан “Muxsin-Fayz” МЧЖ билан рақобатлашган, қолган иштирокчилар жараёнда четлатилган.
Шу гуруҳ тендерлар орасида заҳарланиш қайд этилган Пискент тумани тендери ҳам бор. Ушбу 10 тендернинг жами қиймати — 111,4 млрд сўм (умумий қийматнинг 52%). - “Nishon Invest” МЧЖ ғолиб бўлган тендерларда якуний рақобатчилар сифатида “Innavation-Outsourcing-Service” МЧЖ ва/ёки “Muxsin-Fayz” МЧЖ қайта-қайта учраши айтилган. Бу орасида заҳарланиш ҳолатлари тилга олинган Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ ҳам бор (жами 25,3 млрд сўм).
- “Innavation-Outsourcing-Service” МЧЖ ғолиб бўлган 2 та тендерда якуний ягона рақобатчи “Nishon Invest” МЧЖ бўлган; бу тендерлар Бекобод ва Бўка туманларига тўғри келади (жами 17,7 млрд сўм).
- “Muxsin-Fayz” МЧЖ Бекобод шаҳри бўйича тендерда ғолиб бўлган, у ерда ҳам рақобатчи сифатида “Nishon Invest” тилга олинган (11,5 млрд сўм).
- “Asia Best Distribution Service” МЧЖ ғолиб бўлган 4 та тендерда якуний рақиб доим “Jasminaxon Omad Yuksalish” МЧЖ бўлган, бошқалар дисквалификация қилинган (жами 47,6 млрд сўм).
Бошқа ҳудудлар: Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё
tanga.uz Тошкент вилоятидаги ҳолатдан кейин шунга ўхшаш вазият қайд этилган Жиззах вилояти тендерларини ҳам ўрганган. Фориш тумани алоҳида эътибор марказида бўлган.
- Жиззахда “Meat Fish Business” МЧЖ 2025 йил 14 июль куни вилоят бўйича ўтказилган 6 та тендерда ғолиб деб топилган (улар орасида Фориш ҳам бор). Барча ҳолатларда якуний рақобатчи сифатида “Kindergarden Food” МЧЖ қолган, бошқалар четлатилган. Жами қиймат — 42,1 млрд сўм.
- Самарқанд ва Сурхондарёда заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмагани айтилса-да, тендерлар ўтказилишида ўхшаш услуб кўринади:
- “Lazzatli-Halol Oshxona” МЧЖ Самарқандда 5 та ҳудудда, Сурхондарёда яна 5 та ҳудудда — жами 10 та тендерда ғолиб бўлган.
- Бу 10 тендернинг барчасида якуний рақобатчи сифатида “Jasminaxon Omad Yuksalish” МЧЖ қолган, қолганлар четлатилган.
- Жами сумма — 137,5 млрд сўм.
- Шунингдек, ушбу компания Тошкент вилоятидаги айрим тендерларда ҳужжатлар сабаб дисквалификация қилингани, ҳужжатлар тўплами эса турли тендерларда “бир хил” эканига урғу берилади.
2026 йил: қўшимча келишувлар ва “номаълум” ҳудудлар
Материалда айтилишича, юқорида тилга олинган корхоналар билан 2026 йил учун ҳам қатор ҳудудларда шартномалар қўшимча келишувлар орқали узайтирилган.
- Тошкент вилоятида қўшимча шартномалар заҳарланиш қайд этилган Пискент, Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ ҳамда Бекобод шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда тузилган.
- Жиззах вилоятида Фориш билан шартнома узайтирилмаган, қолган 5 та туманда узайтирилгани қайд этилган.
Энг баҳсли нуқта: шартнома узайтирилмаган айрим ҳудудларда янги тендер ҳам ўтказилмаган ва 2026 йилда боғчаларни ким овқат билан таъминлаётгани очиқ манбаларда аниқ эмас деган хулоса келтирилади.
Қонунчилик: шартномани узайтириш мумкин, аммо амалиёт савол туғдиради
Суриштирувда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган Низомга таянилган ҳолда, белгиланган шартлар бажарилса, давлат буюртмачиси аутсорсер билан шартномани тендерсиз ҳам узайтириши мумкинлиги қайд этилади (масалан, мажбуриятлар тўлиқ бажарилса, санитария талабларига риоя қилинса ва ҳ.к.).
Бироқ амалиёт қуйидаги саволларни келтириб чиқаради:
- Нега оммавий заҳарланиш ҳолатлари айрим туманлар билан чекланиб қолган ҳолда баҳоланган?
- Нега бутун вилоят кесимида етказиб берувчининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш учун етарли асос сифатида кўрилмаган?
Эксперт фикри: депозит ва “ёпиқ” рақобат
Давлат харидлари бўйича эксперт Камол Ниёзовнинг фикрига кўра:
- бундай тендерларда гаров (депозит) суммалари жуда катта бўлиши мумкин ва бу кўп компанияларни иштирокдан амалда четлатиб қўяди;
- жойларда “олдиндан келишиб олиш” ҳолатлари ҳам учраши, рақибларни эса майда хатолар билан дисквалификация қилиш амалиёти мавжудлиги таъкидланади;
- тадбиркорлар кўпинча шикоят қилмаслиги мумкин — сабаблари сифатида мурожаат қилиш тартибини билмаслик, салбий оқибатлардан хавотир ва “норасмий қора рўйхат”дан қўрқиш каби омиллар тилга олинади.
Яна бир сигнал: 441 млрд сўмлик тендерларда қонунбузилишлар аниқланган
2026 йил 6 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жамоатчилик кенгаши йиғилишида 2025 йилда МТМларга овқат етказиб бериш бўйича Тошкент, Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган жами 441 млрд сўмлик тендерларда қонунбузилишлар аниқланиб, тақдимнома киритилгани ҳақида маълумот берилган.
Шунга қарамай, суриштирувда юқорида тилга олинган корхоналар билан заҳарланиш кузатилган туманлардан ташқари ҳудудларда шартномалар 2026 йилга узайтирилгани қайд этилади.
Демак, гап фақат заҳарланиш манбаи ҳақида эмас — боғчаларга овқат етказиб бериш тизимидаги тендерлар очиқлиги, рақобат муҳити ва назорат механизмлари ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Айниқса, масала болаларнинг соғлом овқатланиши ва хавфсизлиги билан боғлиқ экани учун, тендер жараёнларида:
- дисквалификация қарорларининг асослари аниқ ва тушунарли баён қилиниши,
- жамоатчилик назоратини кучайтириш,
- ҳаддан ташқари “бир ҳудуд — бир етказиб берувчи” амалиётининг хавфларини баҳолаш
каби йўналишларда қўшимча аниқлик ва таъсирчан чоралар зарурлиги муаллифлар томонидан таъкидланади.




