Махфий терговда Алламжонов ва Абдуҳакимов шахслари ҳам тилга олинган
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Абдураҳмон Ташанов ёзишича, Навоий вилоятидаги 5-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган Нозим Абдуллаев иши Бош вазир Абдулла Арипов ҳақида тарқалган материаллар билан бевосита боғлиқ.
Ташановнинг билдиришича, 2026 йил 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Нозим Абдуллаевнинг кассация шикояти кўрила бошланган. Суд мажлиси ёпиқ ўтказилган ва у жамоат ҳимоячиси сифатида қатнашишдан қонунга зид равишда четлатилган. Бу қарор устидан юқори суд инстанциясига шикоят киритилиши режалаштирилмоқда.
Нозим Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-моддаси (шахсга оид сирни ошкор қилиш) ва 157-моддаси (давлатга хиёнат) билан айбланиб, 2025 йил ёзида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. У айбловларни тан олмаган.
Маҳкумнинг отаси Баҳодир Абдуллаевнинг мурожаатида таъкидланишича, ишга сабаб сифатида «Eltuz» Telegram каналида Абдулла Ариповнинг хорижий инвесторлардан пора олгани ҳақидаги материал келтирилган. Тергов версиясига кўра, Нозим Абдуллаев гўёки Комил Алламжонов ва Азиз Абдуҳакимовдан 250 минг АҚШ доллари олиб, ушбу материални жойлаштирган. Бироқ судланувчи бу иддаоларни қатъий рад этган.
Жиноят иши махфий деб топилгани сабабли тафсилотлар ошкор этилмаган. Шу билан бирга, шикоятларда Нозим Абдуллаев Давлат хавфсизлик хизматига қарашли Гвардейский тергов изоляторида шафқатсиз қийноқларга солингани айтилмоқда. Хусусан, унинг танасида куйдирилганлик излари сақланиб қолгани, оёқ тирноқлари суғуриб олингани ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, маҳкум ушбу жиноят иши ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Алижон Ашуров ҳамда Президент Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Шуҳрат Расулов томонидан ташкил этилганини иддао қилган. Ташановнинг айтишича, мазкур шахслар ҳозирда лавозимда эмас.
Яна бир муҳим жиҳат — маҳкумнинг соғлиғи. Нозим Абдуллаев қандли диабетнинг IV-босқичи билан касал экани, аҳволи оғирлашаётгани ва шу ҳолатда жазо муддатини ўтай олмаслигини билдирган. Ташанов эслатишича, ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2008 йил 9 сентябрдаги қўшма қарорига мувофиқ, бундай оғир касалликка чалинган маҳкумларни колонияда сақлаш мумкин эмас ва уларни жазодан озод қилиш масаласи тиббий хулоса асосида кўриб чиқилиши шарт.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ушбу ишда қийноқ, зўраки иқрорлик, махфий суд амалиёти ва соғлиқ омиллари тўлиқ ва холисона қайта кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидламоқда.




