Uzdiplomat мухбири минглаб иш ўринлари қайси соҳаларга тўғри келгани ва қандай лавозимлар таклиф этилаётгани билан қизиқди.
Бугун Тошкент вилояти ҳокимлиги сайтида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси маълумотлари асосида вилоят ҳудудида 12 мингдан зиёд бўш иш ўринлари борлиги ҳақида хабар жойлаштирилди.
Ҳужжатдаги вакансияларнинг асосий қисми Янгийўл шаҳри ва Бекобод тумани ҳиссасига тўғри келади.
Бироқ ҳужжатларнинг батафсил таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу 12 мингта вакансиянинг салмоқли қисми тўлиқ ставкали ва барқарор даромадли иш ўринлари эмас.
Қайси соҳаларда иш бор?
Иш ўринларининг асосий қисми қуйидаги йўналишларда жамланган:
Таълим соҳаси – мактаб ва боғчалар, академик лицейлар, мусиқа ва санъат мактаблари
Тиббиёт – поликлиника, хусусий клиникалар, санитария станциялари
Коммунал хизматлар – ободонлаштириш, йўл хўжалиги, кўкаламзорлаштириш
Тўқимачилик ва ишлаб чиқариш – тикивчи, оператор, уста, бригадир, ёрдамчи ишчилар
Савдо ва хизмат кўрсатиш – омбор, юк ташиш, қассир-назоратчи, ҳайдовчилар
Реал маошлар қандай?
Аниқ сумма кўрсатилган вакансиялар бўйича таҳлилга кўра ўртача ойлик маош ≈ 2 млн сўм атрофида.
Маошлар соҳага қараб фарқ қилмоқда.
Таълим соҳасида ўқитувчи, психолог, дефектолог, тарбиячи ва мусиқа раҳбарлари учун таклиф этилаётган ойликлар асосан 2 миллион 300 минг сўмдан 3 миллион 400 минг сўмгача. Айрим мактаб директорлари ва раҳбар ходимларда бу кўрсаткич 4 миллион сўмдан ошади.
Тиббиёт соҳасида шифокор ва ҳамширалар учун ўртача ойликлар 2 миллион сўм атрофидан бошланиб, малакали мутахассислар учун 3 миллион 200 минг сўмгача етиши мумкин.
Коммунал хизмат ва ободонлаштириш тизимида фаррош, кўкаламзорлаштирувчи, йўл ишчилари, тракторчиларга таклиф этилаётган ойликлар 1 миллион 100 минг сўмдан 1 миллион 800 минг сўмгача бўлиб, энг паст маошлар айнан шу соҳада жамланган.
Ишлаб чиқариш ва тўқимачилик корхоналарида тикувчи, оператор, уста ва бригадирлар учун маошлар асосан 1 миллион 300 минг сўмдан 2 миллион 200 минг сўмгача.
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида кассир, омборчи, юк ташувчи, ҳайдовчиларга 1 миллион 200 минг сўмдан 2 миллион сўмгача ойлик таклиф этилмоқда.
Маъмурий ва раҳбар лавозимларида (иш ўринларининг 4%и) эса маошлар бироз юқори бўлиб, 3 миллион 800 минг сўмдан бошлаб 6 миллион сўмдан ортиқ миқдоргача етиши мумкин.
Энг катта муаммо — микро-ставкалар
0,25 – 0,03 ставкада (микро-ставка) жойлаштирилган иш ўринлари сони 3 742 та бўлиб, эълон қилинган 12 000 иш ўрнининг қарийб 31 фоизи ойига 300 минг сўм атрофида даромад берувчи, тўлиқ бандлик ҳисобланмайдиган микро-ставкали иш ўринларидан иборат.
Ярим ставкали иш ўринлари сони эса 2 186 та – 18%.
Бу дегани, Тошкент вилоятида расман эълон қилинган 12 минг иш ўрнининг 50 фоизга яқинигина тўлиқ ставкали барқарор иш ўринларидир. Уларда ҳам маош ўртача 2 миллион атрофида.
Яъни ҳар икки вакансиядан бири — реал тўлиқ иш эмас.
Бу ҳолат вилоятдаги меҳнат бозорида жиддий сифат муаммоси мавжудлигини кўрсатади.
Минглаб вакансияларнинг катта қисми саноқни оширган, аммо реал яшашга етарли даромад бермайдиган иш ўринларидир.




