Хитой билан Марказий Осиёнинг беш мамлакати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон — ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Хитойнинг Бош божхона бошқармаси эълон қилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки беш ойида ўзаро савдо ҳажми 286,42 миллиард юанни (тақрибан 39,93 миллиард АҚШ доллари) ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,4 фоиз кўп демакдир.
«Бир макон, бир йўл» ташаббусининг марказида — Марказий Осиё
Маълумки, «Бир макон, бир йўл» (BRI) ташаббуси илк бор айнан Марказий Осиёда эълон қилинган. Бугунга келиб, ушбу минтақа Хитойнинг юқори сифатли ҳамкорлик олиб бораётган муҳим ҳудудларидан бирига айланган. Расмий маълумотларга кўра, 2013 йилда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажми 312,04 миллиард юан бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 674,15 миллиард юанга етган. Яъни 116 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Бу йиллик ўртача 7,3 фоизлик ўсишни англатади. Солиштириш учун айтиш мумкинки, ушбу кўрсаткич Хитойнинг умумий ташқи савдо ўсиш суръатидан 2,3 фоиз юқори.
Қишлоқ хўжалигида янги босқич
Хитой Марказий Осиё билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Маҳаллий ва экологик тоза маҳсулотларни Хитой бозорига етказиб бериш кўлами ортиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи беш ойида Хитой Марказий Осиё мамлакатларидан 4,36 миллиард юанлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилган. Бу 26,9 фоизга ўсганини кўрсатади.
Айрим маҳсулотлар бўйича айниқса юқори ўсиш қайд этилди:
✔️Қозоғистондан зиғир уруғи импорти — 202,1 фоизга
✔️Ўзбекистондан майиз — 153,7 фоизга
✔️Қирғизистондан асал — 10,9 баробарга ошди
Бу рақамлар Марказий Осиё маҳсулотларига бўлган талабнинг жадал ўсиб бораётганини кўрсатади.
Қуруқлик транспорти — асосий йўналишга айланди
Сўнгги йилларда Хитой ва Марказий Осиё ўртасида қурилган юқори даражадаги инфратузилма туфайли автомобил транспорти орқали юк ташиш анча оммалашди. 2020 йилда йўл орқали амалга оширилган савдо улуши 19,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 51,8 фоизга етди.
2025 йилнинг беш ойида Хитой ва Марказий Осиё ўртасида йўл орқали амалга оширилган савдо ҳажми 143,65 миллиард юанни ташкил этди — бу ўтган йилга нисбатан 10,9 фоизга кўп. Йўл орқали ташиш улуши эса 50 фоиздан ошди.




