“Ҳоким сифатида ижро вакили, сенатор ва депутат сифатида қонун чиқарувчи ҳокимият вакили саналади. Бу ҳам етмагандек, Сенат Олий суд раҳбариятини тайинлаш орқали суд ҳокимиятига ҳам билвосита таъсир ўтказа олади. Бу мантиқсизлик, албатта. Бу амалиёт орқали бир шахс бир пайтни ўзида ҳокимиятнинг 3 та мустақил бўғинига бевосита ёки билвосита таъсир ўтказишга имкон беради. Қолаверса, тўғридан тўғри эҳтимолий манфаатлар тўқнашувига ҳам сабаб бўлади. Лекин қанчалик мантиқсизлик бўлмасин, қонуний амалиёт”.
Дониёр ҒАНИЕВ
Сенаторлар Ўзбекистон Конституциявий суди, Олий суди ва хўжалик судини сайлайдилар. Бу уларнинг мутлақ ҳуқуқи. Яъни, айтайлик қайсидир вилоят ҳокимининг иши судда кўриладиган бўлса, уни ўзи тайинлаган судья кўриб чиқиши кутилади. Бу ерда судьянинг адолатли бўлиши ва манфаатлар тўқнашуви бўлмаслигига кафолат йўқдек.
Сенатор ҳокимлар яна ўз-ўзини назорат қилиш, ўзига ўзи сенаторлик сўрови юбориш ваколатига ҳам эга. Яъни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови йўллашга ҳақли. Сенатор ҳоким ўзини ўзи жазолаши ва сўроқ қилиши сизнинг-ча қанчалик адолатли?
Сенатор ҳокимлар бюджет пулини тўғри сарфланишини назорат қилувчи Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Вилоят ва Тошкент шаҳар бюджетини сарфлашга бевосита алоқадор бўлган сенатор ҳокимларга яна бир ўз назоратчиларини тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ҳуқуқи берилган.




