Афғонистоннинг шимолий қисмида барпо этилаётган Қўштепа канали минтақадаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Бу канал орқали 1,2 миллион гектар ерни суғориш ва 200 минг янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Афғонистон учун катта имкониятлар яратувчи бу лойиҳа, қўшни мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун жиддий хавотирларни келтириб чиқармоқда. Чунки мамлакат иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалиги учун жуда муҳим бўлган Амударё сувлари ушбу канал орқали кескин қисқариши мумкин.
Қўштепа канали ҳақида муҳим маълумотлар ва унинг Ўзбекистон учун эҳтимолий оқибатлари бўйича АҚШнинг миллий манфаатлар маркази тадқиқот натижаларини эълон қилди.
Қўштепа канали ҳақида қисқача:
- • Канал Афғонистоннинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва камбағалликни камайтириш мақсадида қурилмоқда.
- • У Амударё сув оқимининг 8-20% қисмини йўналтириб юбориши мумкин.
- • Канал узунлиги 287 км бўлиб, унинг қурилиши ташқи техник ва молиявий ёрдамсиз жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон учун оқибатлари
Амударё сувларига қаттиқ боғлиқ бўлган Ўзбекистонда мазкур каналнинг қурилиши қуйидаги хавфларни келтириб чиқариши мумкин:
Сув ресурслари камайиши аниқ
Қўштепа канали орқали миллиардлаб куб метр сув ажратилиши натижасида пахта, мева-сабзавотлар ва чорва учун озуқа етиштиришда катта қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
Марказий Осиёда иқлим ўзгариши туфайли сув оқими аллақачон камайиб боряпти, бу эса вазиятни янада оғирлаштиради.
Экологик хавфлар афсуски бор!
Тупроқ шўрланиши: Каналнинг қопланмаган бўлиши сувнинг тупроққа сингиб кетишига ва ундаги тузларни юзага чиқариб, ҳосилдорликни пасайтиришга олиб келади.
Чўкинди тўпланиши: Каналларда чўкиндини фильтрлаш тизими мавжуд эмаслиги оқимни пасайтириб, қуйи оқимга зарар етказиши мумкин.
Минтақавий танглик
Қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Туркманистон СССР давридан қолган сув тақсимоти келишувларига амал қилмоқда. Афғонистоннинг бу келишувларда иштирок этмаганлиги тангликни кучайтириши мумкин.




