Ўзбекистонлик гумондорлар эса Туркияда қўлга олинди.
Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) Исроил раввинини ўлдиришда гумон қилинаётган уч асосий гумондор Туркиянинг Истанбул шаҳрида турк ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида сешанба куни Туркия хавфсизлик манбалари маълум қилди.
28 ёшли БААда фаолият юритган раввин Цви Коган ўтган ҳафта ҳалок бўлган эди. Исроил бош вазири буни “аҳлоқсиз антисемит террорчилик ҳужуми”, деб атаган эди.
БАА ҳокимияти якшанба куни Коганнинг ўлдирилиши бўйича уч гумондор қўлга олингани ҳақида маълум қилди, бироқ уларнинг қаерда ва қандай шароитда қўлга олинганини аниқламаган эди. Душанба куни эса гумондорларнинг Ўзбекистон фуқаролари экани тасдиқланди.
Сешанба куни БАА ҳукумати Туркияга уларни қўлга олишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди. Туркия хавфсизлик манбалари сешанба оқшомида “Цви Коганнинг қотиллари… Миллий Разведка хизмати ва Туркия полицияси томонидан ўтказилган махфий операция доирасида қўлга олинди”, деб маълум қилди.
Гумондорлар Истанбулга қўнганларидан кўп ўтмай, таксида қўлга олингани ва кейинчалик БААга экстрадиция қилингани хабар қилинди.
Цви Коганнинг ўлими мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи БААдаги кичик яҳудий ва исроиллик жамоалар учун катта йўқотиш бўлди. Исроил-ҲАМАС уруши 2023 йил октябрь ойида бошланганидан кейин БААда яҳудий жамоалари паст профилда фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, “Исломий Давлат” (ИШИД) тарафдорлари БААдаги раввиннинг ўлдирилишини интернетда нишонлагани маълум қилинди. Улар бу ҳужумни “диний душманларга қарши ғалаба” сифатида васф қилиб, террорчилик актини қўллаб-қувватлашларини билдиришган.




