Марказий банкнинг банк назорати қўмитаси феврал ойида 3 та банкни жаримага тортиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, 6 та банк ва 1 та ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши бўйича огоҳлантирилган.
Қайд этилишича, улар амалдаги қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя қилмаган. Аммо Марказий банк жазоланган банклар номини очиқламаган.
“Қўмита томонидан банк тизими барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятларига аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди”, – дейилган хабарда.