Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси қиймати 26 млрд 500 млн сўмлик ноқонуний тендер ўтказгани маълум бўлди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Жорий йилнинг 10 июнида Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан йўл белгилари учун бўёқлар ва шиша маҳсулотларини харид қилиш учун қиймати 26 млрд 500 млн сўмлик тендер ўтказган.
Рақобат қўмитаси эса бу тендерни «Рақобат тўғрисидаги» қонуннинг 29-моддаси бузилган деб топган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ўтказилган тендер қўмита томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.
«Ушбу қонун-бузилиш ҳолатига йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликни белгилаш масаласи кўриб чиқилади», — дейилади Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабарида.