7 ой ичида ҳукумат 37 та қимматбаҳо автомобил сотиб олган
Бюджет маблағи етишмовчилиги қайд этилаётган бир вақтда Ҳукумат идоралари йил бошидан (2023й 29 декабрь санасидан) 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағни BYD сотиб олишга сарфлаганлар. Бу маблағ билан замонавий кўринишдаги минг ўринли мактаб қуриш мумкин эди. 10 та вазирлик, ҳокимият ва бошқа давлат муассасалари йил давомида бирин – кетин BYD русумли автомобиль сотиб олган. Улар орасида Kамбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳам бор. Шунингдек Қашқадарё ҳокимлиги янги русумдаги машина сотиб олган вақтда ҳокимият балансида яна 32 та автомобиль ҳам бўлган. Ҳукуматнинг BYD лашиб бораётганининг сабаби нима? Идоралар юқоридан буйруқ олгандек, мазкур русумдаги автомобилни сотиб олишмоқда.
Божхона қўмитаси салкам 5 млрд сўмга 15 та BYD
2023 йилнинг 29 декабрь кунида Давлат божхона қўмитаси ҳузуридаги «Божхона-сервис» давлат муассасаси бир кун ичида 4,7 млрд. сўмга 15 дона «BYD Chahzor DM-i» ва 889 млн. сўмга 2 дона “BYD Song Plus DM-i” сотиб олган.
Ҳашаматли машина билан камбағалликни қисқартирамиз
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан жорий йилнинг 20 январида 444 млн. сўмга бир дона “BYD SONG PLUS” автомобилини харид қилинган. 22 апрелда айнан шу вазирлик 603 млн. сўмга автомобиль харид қилган. Вазирлик давлат харидларида автомобиль русумини кўрсатмаган бўлсада, ажратилган маблағ ва спецификациясига асосланиб “BYD HAN” харид қилаётганини билиш мумкин.
Етимлар пулига автомобиль минган ҳокимият
2024 йилнинг 9 март куни етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг пулига Қашқадарё вилоят ҳокимлиги 1 млрд. 778 млн. сўмга 4 дона “BYD Song Plus DM-i” автомобилини харид қилган. Маълумотларга қараганда, унга қадар вилоят ҳокимилиги қарамоғида 32 та автомобиль бўлган. «Давлат харидлар махсус ахборот портали» маълумотларига қараганда автомобиль воситаларини молиялаштирувчи манба сифатида «Меҳр дафтари» кўрсатилган.
Маълумот учун, «Меҳр дафтари»- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг орзу-истакларини амалга ошириш учун 2023 йилнинг 3 майида жорий қилинган.
7 март куни «Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш» агентлиги 504 млн. “BYD HAN” премиум-классдаги автомобилни сотиб олган.
Раҳбарлар ишни кўркам машина сотиб олишдан бошлади
1 апрель куни, ташкил топганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган «Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси» 603 млн. сўмга бир дона премиум-классдаги “BYD HAN” автомобилини харид қилган. 8 апрель куни Республика «Маънавият ва маърифат маркази» 603 млн. 184 минг сўмга “BYD HAN” русумли автотранспорт сотиб олган.
Аҳолига газ йўқ аммо ширкатда машина бор
10 май куни эса, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Хоразм вилояти филиали “BYD SONG PLUS DM-i” ни сотиб олиш учун 387 млн. 200 минг сўм ажратган.
30 июнда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси» давлат муассасаси 7 та “BYD Song Plus EV Chempion I” ни харид қилиш учун 2 млрд 904 млн сўм ажратган.
7 июль куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Маъмурий-хўжалик хизмати» давлат муассасаси бир миллиард сўмдан зиёд маблағларга икки дона электромобиль сотиб олган, аммо давлат харидларида автомобиль русуми ёзилмаган.
Улар кўрсатган нархга “BYD HAN” ва “BYD SONG Plus DM-I” автомобилларини харид қилиш мумкин.