Халқ банки ҳозир рейтингларда 10 ўринда ҳам эмас. Банкнинг тушиб бораётган нуфузига жавобгар ким, дея журналистлар матбуот анжуманида мутасаддиларга савол берди.
Жорий йилнинг дастлабки чорагида энг кўп фойда кўрган Топ 10 банклар рўйхатини эълон қилинди. Рўйхатда Миллий банк, Ипотека банк каби қатор банклар фойда билан чиққани эълон қилинди. Аммо ўзини доим республикада етакчи банк сифатида таништириб келадиган “Халқ банки” бу рейтингнинг ҳатто 10-ўринда ҳам йўқ.
Банкнинг бир неча бор йилни зарар билан якунлагани ва жорий йилда ҳам юқори фойда кўрмаганлар қаторига киролмагани банк раҳбариятининг, раис Шуҳрат Атабоевнинг яхши ишламаётгани сабабми?
Uzdiplomat.uz мазкур саволга “Халқ банки” Бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Зафар Азимовдан жавоб олди:
Агар биз банкни яхши бошқармаётган бўлсак, айб бизда ходимларда эмас. Банкни даромадга олиб чиқаролмаётган бўлсак, асосий айбдор биз, Раис эмас. Бу ерда бошқарув ва бошқарувни ташкил қилган жамоа айбдор”,
деди Азимов.
Шунингдек, у даромадга ҳам тўхталиб ўтар экан, банкнинг зарарда эканини очиқ тан олишини маълум қилди.
“Аммо шуни айта оламанки, 2023 йилда 248 млрд даромад билан якунладик. Тўғри, давлатга фойда келтиришимиз керак. Шу сабабли биз 2024 йилни 550 млрд соф фойда билан якунламоқчимиз”,
деди у.
Маълумот учун, 2021 йилда ўзининг банкротлигини эълон қилган Халқ банки 2022 йилни 359 млрд.сўм зарар билан якунлаган.
Унинг устав капиталини ривожлантириш учун эса давлат жорий йилда яна 3,8 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирган.
Халқ банки қачон давлатга фойда келтиради?