Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.
Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Президенти Администрациясининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиев маълум қилди.
Маълум бўлишича, давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли барча йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришнинг истиқболларини муҳокама қилиши режалаштирилган.
Ташриф давомида Садир Жапаров Ўзбекистон Республикасидаги Қирғизистон Республика Маданият кунларининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этиши маълум қилинган.
Шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг иштирокида амалга оширилаётган икки томонлама лойиҳаларни онлайн ишга тушириш ҳамда очилиш маросими бўлиб ўтиши белгиланган.
“Бундан ташқари, ташриф доирасида Қирғизистон-Ўзбекистон Бизнес-форуми ва Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртлари ректорлари форуми каби қатор тадбирлар режалаштирилган,» – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келиши ҳақида маълум қилгандик.