G7 мамлакатлари Марказий Осиё давлатларининг инфратузилмасини ривожлантириш учун 200 миллиард АҚШ доллари ажратади. 200 миллиард долларни тақсимлашда Қозоғистонга эътибор устуворлик қилиши айтилмоқда. Мазкур инвестиция АҚШ Давлат департаментининг Глобал инфратузилма сармоялари бўйича ҳамкорлик дастури (PGI) махсус координатори вазифасини бажарувчи Хелена Матзанинг Марказий Осиё давлатларига қилган ташрифининг натижаси. Хелена Матза мазкур ташрифлар чоғида 14 июль куни Ўзбекистонга ҳам келган. Хелена Матзани Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов кутиб олган. Учрашувда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, геология ва рақамлаштириш лойиҳаларига хусусий молиялаштиришни жалб қлиш масалалари кўрилган. Бироқ, мазкур маблағнинг қанча қисми Ўзбекистонга ажратилиши ҳақида маълумот берилмаган.
Хелена Матзанинг Марказий Осиёга қилган ташрифи ҳақида АҚШ давлат департаменти Марказий Осиё давлатларини Каспий коридори билан боғлаш масалалари юзасидан ташрифни амалга оширади, дея маълумот берган эди.
200 миллиард доллар нима мақсадда берилмоқда?
G7 мамлакатларининг Марказий Осиё давлатларига маблағ ажратишдан мақсад озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш учун таъминот занжирларини диверсификация қилишдир. Хелена Матзанинг Ўзбекистонга қилган ташрифида ҳам Транскаспий халқаро маршрутига уланиш имкониятини молиялаштириш ҳақида гаплашилгани айтилади.
Маълумот учун, G7 мамлакатлари (АҚШ, Канада, Франция,Италия, Германия, Япония ва Буюк Британия ) 2027 йил якунига қадар ривожланаётган мамлакатларга 600 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирган. Мана шу маблағнинг 200 млрд АҚШ доллари Марказий Осиё давлатларига ажратилиши кўзланган. Мазкур маблағни ажратиш қарори 2022 йилдаги июнь ойида бўлиб ўтган G7 саммитида АҚШ томонидан илгари сурилган эди.