Аввалроқ Uzdiplomat.uz сайти Ўзбекистонда энг катта қарзга ботган банк — «Агробанк» ҳақида мақола эълон қилиб, банк 2023 йилда 700 млрд соф фойда қилган бўлса-да жисмоний ва юридик шахслардан 14,2 млрд қарз эканини маълум қилган эдик.
Мазкур хабар юзасидан “Агробанк” АТБ матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
“МИБ сайтида “Агробанк” АТБ бўйича акс эттирилган 14,3 млрд. сўм жорий ва суд жараёнидаги қарздорликлар бўлиб, ҳозирги вақтда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий жараёнлари амалга оширилмоқда”,- дейилган муносабатда.
Қайд этилишича, келтирилган юқоридаги қарздорликнинг қарийб 13 млрд. сўмга оид қисми бугунги кунда Тошкент шаҳар иқтисодий судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда.
“Мазкур ишлар якуний ҳолатига кўра қонунчиликда белгиланган тартибларга асосан қарздорлик тўланиши ёки ижро ҳужжатларини бекор қилинишини маълум қиламиз.
Банк фаолиятига бефарқ бўлмаган ижтимоий тармоқ фаолларига миннатдорчилик билдирамиз ва бу каби ҳолатлар бўйича банкка мурожаат қилган ҳолда, маълумотларни аниқлаштириш янада мақсадга мувофиқ бўлишини эслатиб ўтамиз”, – дея ўз расмий муносабатини якунлаган банк матбуот хизмати.