Ўзбекистонда бир неча йилдан буён кутилаётган исломий молия хизматларини тўлиқ жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиевнинг маълум қилишича, тегишли қонунчилик базаси яратилмоқда, банклар эса тайёргарлик ишларини бошлаган. Дастлабки хизматлар 2026-йилда йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Агар жараёнларда жиддий тўсиқлар юзага келмаса, исломий молия бўйича дастлабки фаолиятлар 2026-йилда бошланиши мумкин. Бу янги хизматлар нафақат йирик ва кичик компаниялар, балки аҳоли учун ҳам банк маҳсулотларидан фойдаланишда қулай шароитлар яратишни мақсад қилган.
“Агар бирон-бир жиддий муаммога дуч келмасак, исломий молия бўйича дастлабки фаолиятлар 2026-йилда бошланиши мумкин”, — дея таъкидлади Марказий банк раиси ўринбосари.
Исломий молия хизматларини аҳоли орасида оммалаштириш учун аввало махсус қонун қабул қилиниши лозим. Ҳозирда ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиши, сўнгра Сенатда тасдиқланиб, Президент томонидан имзоланиши керак. Шундан кейингина қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва амалиётга татбиқ этилади.
Қонунчилик жараёнлари билан бир вақтда, айрим тижорат банклари, хусусан, давлат улушига эга банклар ҳам жиддий тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Бу жараёнда маҳаллий консалтинг компаниялари ўз тавсия ва ёрдамлари билан кўмаклашмоқда.
“Айрим банкларимиз, жумладан, давлат улушига эга банклар стратегиялар ишлаб чиқиш, ходимларни ўқитиш, риск-менежментни йўлга қўйиш каби йўналишларда босқичма-босқич ишларни бошлаган”, — деди Аброрхўжа Турдалиев. У исломий молияда фоизнинг йўқлиги хизмат бепул деган маънони англатмаслигини алоҳида таъкидлади. Янги маҳсулотлар шариат талабларига риоя қилган ҳолда, аммо муайян хизмат ҳақи эвазига таклиф этилади.
“Исломий молияда фоиз ставкаси қайд этилмагани билан, ҳар қандай хизматнинг ўз қиймати бўлади. Буни тўғри тушуниш керак”, — дея қайд этди у.
Марказий банк раиси ўринбосаринин таъкидича, бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда исломий молиянинг айрим шакллари, масалан, мурабаҳа (савдони молиялаштириш) амалда қўлланиб келинмоқда ва ундан асосан тадбиркорлик субъектлари кредит линиялари орқали фойдаланмоқда. Келгусида эса бу каби хизматлар анъанавий банк карталарига муқобил сифатида, аҳолининг кенг қатлами учун ҳам таклиф этилади. Мақсад — ушбу хизматларни аҳоли ва тадбиркорлар учун янада қулай ва оммабоп қилиш орқали улардан фойдаланиш кўламини кенгайтиришдан иборат.
Маълумот учун, Сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда исломий банклар фаолиятини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаганди. Лойиҳада «исломий банк фаолияти», «исломий молиявий фаолият», «исломий молиявий операциялар», «исломий молия стандартлари», «инвестицион депозит» каби тушунчаларни киритиш назарда тутилган. Исломий банклар учун алоҳида лицензия ва уни олиш учун талаблар жорий этилмоқда. Анъанавий банкларда ҳам лицензия асосида «исломий дарчалар»ни ташкил этиш мумкин бўлади. Шунингдек, асосий исломий молиявий операциялар: муробаҳа, мудораба, мушорака, вакала, салам аниқланади. Исломий фаолиятни амалга оширувчи банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланишга, юридик шахслар ташкил этишга ва компанияларнинг устав капиталидаги улушларни чекловларсиз сотиб олишга рухсат бериш таклиф этилмоқда.




