Ўзбекистонда аграр соҳани экспортга мослаштиришда яна бир амалий қадам ташланди — Тошкентда мева ва сабзавотлар сифати стандартлари бўйича илк ўқув лабораторияси ишга тушди.
Лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) кўмагида, “Марказий Осиёда савдони ривожлантиришга кўмаклашиш” дастури доирасида амалга оширилди.
Янги лаборатория Ўзбекистон стандартлар институти қошида ташкил этилди ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Унда маҳаллий мутахассислар Codex Alimentarius, UNECE ва ISO талаблари асосида маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини баҳолаш, саралаш ва сертификатлаш бўйича амалий кўникмаларни ўрганадилар. Бу, ўз навбатида, экспортдаги сифат талабларига жавоб бериш ва халқаро бозорларда ишонч қозонишга хизмат қилади.

Очилиш маросимида иштирок этган БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии бу ташаббусни мамлакатнинг сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим босқич сифатида баҳолади:
“Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлиги фақат ҳосил ҳажми билан эмас, балки уларнинг халқаро стандартларга мос сифати билан ҳам белгиланади. Бу лаборатория — экспортбоп сифатга эришиш учун амалий платформа”, — деди у.

Ўзбекистон стандартлар институти директори Акмал Жуманазаров ҳам ушбу марказнинг миллий иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятини таъкидлади:
“Охирги йилларда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сифатни янги даражага олиб чиқишни талаб қилмоқда. Мазкур лаборатория нафақат стандартлаштириш тизими учун, балки барқарор ўсиш ва халқаро савдода рақобатбардошликни таъминлаш учун ҳам муҳим қадамдир”, — деди у.
Жуманазаровнинг сўзларига кўра, лаборатория фаолияти нафақат илмий-амалий тайёргарликка, балки экспортёрлар учун ишончли сифат сертификатлари тизимини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг “Made in Uzbekistan” брендини мустаҳкамлайди.
Лаборатория БМТТД грант маблағлари ҳисобига ташкил этилган бўлиб, унда халқаро тажриба асосида ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Эндиликда институт базасида БМТТД ва миллий ҳамкорлар иштирокида тренинглар, амалий семинарлар ва тажриба алмашув тадбирлари мунтазам ўтказилади.

Экспертлар фикрича, бу лойиҳа нафақат техник тартибга солиш соҳасини, балки Ўзбекистоннинг агроэкспорт экотизимини ҳам сифат жиҳатидан янгилайди. Зеро, маҳсулот сифатини аниқ баҳолаш имконияти — халқаро бозорларга чиқишдаги асосий шартлардан биридир.




