Анъанавий Россия ҳарбий техникасидан воз кечилмоқда
Ўзбекистон ўз ҳарбий арсеналини кенгайтириш ниятида Корея мудофаа саноати ишлаб чиқарувчиларига қизиқиш билдирмоқда.
Мудофаа саноати агентлиги директори ўринбосари Эгамназаров Эшмурадович Жанубий Кореянинг SNT Dynamics, Poongsan ва Korea Defense Industry (KDI) компанияларининг бир қатор қурол тизимларига қизиқиш билдиргани ҳақида Chosun Biz нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, у SNT Dynamics компаниясидан янги 120 ммлик чархли миномёт тизимини енгил тактик машиналарга ўрнатиш имкони ва унинг етказиб бериш муддати ҳақида сўраган.
Бу миномёт тизими келгуси йили Жанубий Корея денгиз пиёда қисмларида синов тариқасида ишлатилиши режалаштирилган бўлиб, у эски 107 ммлик тизимни алмаштиради ҳамда тоғли ва қийин рельефда юқори ҳаракатчанликни таъминлайди.
Ўзбекистон расмийлари шундан сўнг SNT Dynamicsнинг Чханвон шаҳридаги заводига ташриф буюриб, эҳтимолий харидлар бўйича музокараларни давом эттирган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон бир нечта миномёт тизимларини харид қилишни режалаштирмоқда ва келгусида техник тажриба орттирган ҳолда шундай қуролларни маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилган.
Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон ўз қуролли кучларини модернизация қилиш ва маҳаллий саноат салоҳиятини ошириш мақсадида турли давлатлар билан ҳамкорликни фаол йўлга қўйди.
2025 йил январь ойида Turkish Aerospace Industries компанияси билан келишув имзолаб, ANKA туридаги уруш дронларини, шунингдек, улар учун ўқув ва ердаги бошқарув тизимини сотиб олишга келишган эди.
Бу келишув Ўзбекистоннинг учувчисиз ҳарбий техника соҳасига киришини англатади.
2024 йилда эса АҚШнинг Sierra Nevada Corporation компанияси билан 64,2 миллион долларлик шартнома имзоланиб, Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучларидагиғ Pilatus PC-12 самолётларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди.
Шу билан бирга, ҳаво соҳасида Ўзбекистон анъанавий Россия таъминотчиларидан аста-секин чекинмоқда. Шунингдек, Хитойнинг JF-17 Block 3 кўп вазифали жанговор самолётларини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.




