«Хочу жить» урушдаги ўзбекистонликларнинг янги рўйхатини эълон қилди
Россия полиция ва тергов ходимлари муҳожирларни алдаш ёки қўрқитиш орқали урушга жалб этиб мукофот олмоқда
«Хочу жить» нодавлат ташкилотининг маълум қилишича, ўзбек муҳожирлари Украинага қарши урушда Россия армияси сафида хизмат қилаётган хорижликлар орасида сон жиҳатдан биринчи ўринда. Ташкилот Россия томонида жанг қилган ва ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган ўзбек фуқароларининг янги рўйхатини эълон қилди.
Ташкилотнинг ёзишича, бу рўйхат тўлиқ эмас — асл йўқотишлар сони эҳтимол анча кўп. Россия армияси сафида ёлланма аскар сифатида ҳалок бўлган 481 нафар ўзбекистонликнинг шахси аниқланган.
Ўзбекистон бугун Россия армиясида хизмат қилаётган хорижлик ёлланма жангчилар сони бўйича етакчи давлат ҳисобланади. ННТ маълумотларига кўра, камида 2 715 нафар ўзбек фуқароси Россия томонида Украинага қарши урушда иштирок этган ёки ҳозир ҳам иштирок этмоқда.
• 2023 йилда — Россия билан шартнома имзолаган ўзбеклар сони 498 нафар
• 2024 йилда — яна 941 нафарга етган
• 2025 йилнинг биринчи ярмида — деярли 1 300 нафар қайд этилган
Бу фақат ишончли манбалар асосида тасдиқланган рақамлардир, деб ёзади манба.
Шунингдек, Россия армияси сафида асирга тушган хорижликлар орасида ҳам ўзбеклар сони энг кўп экани қайд этилган.
ННТ ёзади: фақатгина 2025 йилнинг ўзида Россияга 1,8 миллион ўзбек муҳожири кириб келган. Улардан кўпчилиги меҳнат муҳожирлари бўлса-да, кўп ҳолларда ишга жойлашолмайди ва шу боис ёлловчиларнинг нишонига тушмоқда. Россия фронтда “штурмовое мясо” — яъни пиёда юбориладиган жангчиларга эҳтиёж сезмоқда, шу сабабли муҳожирлар орасида ёллаш ҳолатлари тобора кўпаймоқда.
«Бугунги кунда Россияда одам савдоси амалда легаллашган. Мудофаа вазирлиги ҳар бир контракт имзолаган шахс учун пул тўлайди. Ёлловчилар, полиция ва тергов ходимлари муҳожирларни алдаш ёки қўрқитиш орқали урушга жалб этиб мукофот олади», — дейилади ННТ хабарномасида.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фуқароларнинг чет эл армияларида хизмат қилиши ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши тақиқланган ва бу учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Uzdiplomat.uz таҳририяти аввал ҳам муҳожирларнинг ёрдам сўраган видеомурожаатлари, мажбурлаш ҳақидаги ҳикояларини эълон қилган. Улар орасида Россияда иш излаб бориб, алдов ёки таҳдид билан урушга жалб этилган шахслар бор.
Агар давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари меҳнат муҳожирлари учун ахборот-профилактик ишларни кучайтирмаса, ўзбек муҳожирлари яна узоқ вақт Россиянинг ҳарбий машинаси учун штурм учун «гўшт” бўлиб қолиши хавфи ортаверади.










