Россиянинг «Лукойл» компанияси хорижий активларини Gunvor Group Ltd томонидан сотиб олиш бўйича таклиф олганини маълум қилди. «Лукойл» баёнотига кўра, битимнинг асосий шартлари томонлар ўртасида олдиндан келишилган.
«Лукойл» расмий изоҳида LUKOIL International GmbH компанияси гуруҳнинг халқаро активларига эгалик қилади, дея таъкидланган. Яъни гап «Лукойл»нинг Россия ташқарисидаги портфели ҳақида кетаётгани аниқ, аммо аниқ рўйхат ва юрисдикциялар очиқланмаган. Компания халқаро активлар бўйича сотув жараёнини OFAC (AQSh Молия вазирлиги)нинг “wind-down” лицензияси доирасида олиб бормоқда ва зарурат бўлса, лицензияни узайтиришга мурожаат қилади.
Нима учун ҳозир?
22 октябрm куни АҚШ (ва кейинчалик қатор Европа юрисдикциялари) томонидан «Лукойл»га нисбатан санкциялар кучайтирилганидан сўнг компания халқаро активларни сотиш режасини эълон қилганди. Бу қарор Европа ва Марказий/Яқин Шарқдаги айрим лойиҳалар тақдирига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида баҳсларни кучайтирди.
Ўзбекистондаги активлар нима бўлади?
«Лукойл» Ўзбекистон ёқилғи-энергетика соҳасидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади. 2024 йилда компаниянинг умумий инвестициялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.
Ҳукумат 2004 йилда Россия компанияси билан Бухоро вилоятидаги «Қандим-Ҳовузак-Шоди» (35 йил муддатга, 2014 йилда яна 7 йилга — 2046 йилгача узайтирилган) ва Қашқадарёдаги «Жануби-Ғарбий Ҳисор» (2007 йилда кучга кирган ва 36 йилга, 2043 йилгача мўлжалланган) лойиҳалари бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим асосида ҳамкорлик қилади.
«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси йилига 8,1 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бўлиб, унинг умумий сармояси 3,5 миллиард долларни ташкил этади. Қандим мажмуаси янги технологиялар асосида Марказий Осиёдаги энг йирик газни қайта ишлаш корхоналаридан бирига айланди.
«Лукойл» Ўзбекистонда «Ўзбекнефтгаз»дан кейин иккинчи йирик газ ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. 2024 йил 1 июнь ҳолатига кўра, компаниянинг тўпланган газ қазиб олиш ҳажми 134,4 миллиард куб метрга етди. 2023 йилда у мамлакатдаги 13 та газ конида ишлаган. Лойиҳаларда давлат шериги сифатида «Ўзбекнефтгаз» иштирок этмоқда.
Бу лойиҳалар одатда «LUKOIL Uzbekistan Operating Company» орқали бошқарилади.
Шу билан бирга, «Лукойл»нинг 30 октябрдаги баёнотида LUKOIL International GmbH таркибида айнан қайси активлар борлиги очиқ кўрсатилмагани сабабли, Ўзбекистондаги активлар битимга тўлиқ ё қисман кириши расман тасдиқланмаган. Яъни ҳозирча «Ўзбекистондаги активлар ҳам сотилади», деган хулоса қилиш эртароқ.
Маъмурий позициялар ва маҳаллий сигналлар
Ўзбекистон томонидан расмий шахслар ҳам ҳозирча «Лукойл» активларини сотиб олиш мавзуси кун тартибида эмаслигини айтди: маҳаллий ОАВга кўра, «Ўзбекнефтгаз» раҳбари ҳозирча «Лукойл»нинг Ўзбекистондаги активларини сотиб олиш масаласи муҳокама қилинмаётганини маълум қилди. Бу, энг камида, қисқа муддатда активлар мавқеини сақлаб қолиш эҳтимолини англатади.
«Лукойл» LUKOIL International GmbH’ни Gunvor’га беришга тайёрлиги ҳақида гапирмоқда. Агар GmbH «Ўзбекистон шохобчалари/улушлари»ни ўз таркибида ушласа, назарий жиҳатдан улар ҳам портфельга кириши мумкин. Лекин очиқ рўйхат йўқ — демак, ҳозирча бу фараз.
АҚШ санкциялари ва лицензия муддатларининг узайтирилиши савдо шартларига ва ёпилиш вақтига бевосита таъсир қилади.
«Лукойл»нинг марказий даромадлари Ироқ, Европа (қайта ишлаш/ритейл) ва МДҲдаги активларга таянади. Марказий Осиё портфелида Ўзбекистон ўрни стратегик газ базаси сифатида қайд этилади.
Маълумот учун, Gunvor Group Ltd 2000 йили таъсис этилган. Унинг асосчилари сифатида Россиялик олигарх Генадий Тимченко ва Швециялик бизнесмен Торбжорн Торнквист қайд этилган. Тимченко 2014 йили сакцияларни четлаб ўтиш учун ўз улушини Торнквистга сотганди. Ҳозирги таркибда Торнквист компания акцияларининг катта қисмига эгаси ҳисобланади — маълум манбаларга кўра ~84.79% акциялари унинг назоратида. Қолган ~15 % акциялар компаниянинг ходимлари учун ишлаб чиқилган “employee share plan” орқали тарқалган.
Бир нечта коррупция ва санкция тажрибаси мавжуд — шу жумладан, АҚШ ва Швейцария ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан суриштирувлар олиб борилган.




