Давлат идораларини очиқлигини таъминлашга қаратилган қатор ҳужжатлар бор. Лекин маҳаллий ҳокимликларда ёпиқ қарорлар сони кўпайиб бормоқда. Бу харидлар тизимида коррупцион хавфни оширмайдими? Қандай таклиф ёки чоралар кўрилаяпти буни тўхтатиш учун?
Uzdiplomat.uz мухбири айни дақиқаларда Тошкентда бўлиб ўтаётган «Аксилкоррупция форуми»да иштирок этаётган Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳоновга ушбу савол билан мурожаат қилди.
- Биз адлия вазирлиги билан биргаликда давлат идоралари, шу жумладан маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинаётган қарорларни очиқлиги ёки ёпиқлиги бўйича ўрганишлар ўтказдик ва ўрганишларда кўрдикки маҳаллий ҳокимликларда, айниқса қарорларнинг 30 фоизи дан ортиғи ёпиқ ҳолда қабул қилинмоқда. Буни ичини, мана шу ёпиқ тарзга алмаштирилган қарорларни мазмунини ўрганганимизда кўпчилигида, айнан давлат харидлари билан ёки давлат бюджети маблағларини сарфлаш билан боғлиқ қарорлар ёпиқ тарзда эълон қилинганини аниқладик. Ноқонуний равишда ёпиқ ҳолда эълон қилинаётган ҳолатларни кўрдик ва бу ҳолатларни олдини олиш бўйича биз мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқдик ва бу таклифларимиз қаторида биринчиси, мана шу қарорларни ёпиқ тарзга алмаштиришнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, аниқ қоидаларини киритиш назарда тутилган. Бугунги кунда ,албатта, бор қонунчилигимизда, лекин умумий тартиблар белгиланган, яъни шахсга доир маълумотлар ва васийлик-ҳомийлик билан боғлиқ маълумотлар бўлса бу ёпиқланиши керак. Лекин, афсуски, айрим мансабдор шахслар мана шу ниқоб остида кўплаб қарорларни ёпиқ ҳолда қабул қилишаётганини кўрдик. Яъни, ўша шахсга доир маълумот сифатида қабул қилинган. Шунинг учун аниқ тартибларни белгилаш таклиф этилмоқда. Яна бир янги таклифимиз бу – агар ҳақиқатдан ҳам мана шу янги қоидалар бўйича ёпиқ тарзга алмаштирилиши лозим бўлган тақдирда ҳам ёпиқ тарзга ўтказишдан олдин Коррупцияга қарши курашиш агентлигини хулосасини олгандан кейингина ёпиқ тарзга ўтказиш бўйича таклифни ишлаб чиққанмиз ва ўйлайманки, яқин кунларда мана шу таклиф қабул қилинса, бу ўша қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилади ва бунинг олди олинади.
Амалдорлар қачон декларацияларини очиқлашади, ҳалигача қўйишмаяпти?
- Қонун қабул қилинса… Декларацияни, амалдорлар ўзларини мол-мулки ва даромадларини очиқлашади, жамоатчилик учун.
- У қонун қачон қабул қилинади, икки йил олдин айтилганди?
- Қонун қабул қилинади… парламент томонидан қабул қилинса.
- Демак, парламент қабул қилмаяпти, тўғрими?
- Парламентга ҳали киритилмаган, парламентга киритилгандан кейин, улар томонидан қабул қилиниб Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзоланса бу демак жараён бошланади. Лекин биз шу билан биргаликда нафақат қонун, қонун билан биргаликда мана шу декларациялаш тизимини жорий этиш бўйича ҳам алоҳида тизимни ишлаб чиқиш устида ҳам иш бошлаганмиз. Деярли якунига етиб қолган яъни, қонун қабул қилиниши билан тизим ҳам бир вақтнинг ўзида ишга туширилади, деб жавоб берди Акмал Бурҳонов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши айтилган эди. Бу талаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган.
Президент Фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланганди.




