Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов соғлиги ёмонлашгани сабабли лавозимидан кетган эди. Аммо, орадан кўп вақт ўтмай, муаммоларга бой бўлган Сирдарё вилоятига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани эълон қилинди.
Сирдарёнинг янги ҳокими Э.Турдимовни кутаётган вилоятида қуйидаги муаммолар бор:
— Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги субъектларни ташкил этиш, фаолияти тўхтаб қолган ва паст қувватда ишлаётган корхоналар самарасини ошириш учун ишлар етарли даражада эмас.
— 2024 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, мавжуд 18 минг кичик бизнес субъектининг 37,5 фоизи фаолият юритмайди.
— Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, хорижий давлатларга ташрифларда имзоланган шартномалар бўйича лойиҳаларнинг ижроси суст.
— Вилоят ҳокимлигининг сўнгги 2 йилда Корея ва Хитойга қилган ташрифларида бажарилиши режалаштирилган 17 та инвестиция лойиҳасидан 3 тасини хорижий ҳамкорлар рад этган, 3 таси бўйича якуний келишувга эришилмаган.
— Саноат зоналарининг фаолиятини ошириш, зарур инфратузилма билан таъминлаш учун талаб даражасида чора кўрилмаган.
— инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбуриятлар бажарилмаган бўлса-да, «Сирдарё» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ажратилган 36,6 гектар ер майдони бугунги кунга қадар захирага қайтарилмаган.
— Ер тоифасини ўзгартириш масаласи ҳал этилмаганлиги сабабли ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги 8 гектар ер майдони аукцион савдосига чиқарилмаган.
— Президентнинг 2022 йил 28 ноябрдаги ПҚ-431-сонли қарорида белгиланган «Сирдарё» эркин иқтисодий зонасида 4,1 км темир йўл тармоғини қуриш ишлари бошланмаган.
— Вилоят ҳокимлиги маблағ ажратмагани учун Гулистон, Янгиер шаҳри, Боёвут, Оқолтин ҳамда Сирдарё туманидаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида 4,7 км табиий газ тармоғини, шунингдек, Боёвут, Ховос, Гулистон, Оқолтин ва Сирдарё туманида 5,1 км электр энергияси тармоғини қуриш бажарилмаган.
— Янгиер шаҳрида 5,6 км ичимлик суви, Сирдарё туманида 5,8 км оқова сув тармоғи ҳамда қуввати 110 кВт бўлган 10 км ҳаво электр тармоғини қурилмаган.
— аукционга чиқарилган 36 та объектдан 11 таси 1 йилдан ва 25 таси 3 ойдан ортиқ савдоларда турганлиги ҳамда улардан 16 тасининг нархи 50 фоизга ва 11 тасиники 70 фоизга пасайтирилганига қарамай сотилмаган.
— Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари ҳудудий бандлик дастурининг ижроси тўлиқ таъминланмаган.
— йиллик бандлик режаси тўлиқ бажарилмаган.
— Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли муаммоларини тизимли ҳал этиш борасида ҳам камчиликлар бор. Масалан, «Меҳр дафтари» электрон платформасига киритилган 327 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боладан бор-йўғи 19 нафарига (5,8 фоиз) амалий ёрдам кўрсатилган.
Кўрсатиб ўтилган масалаларни Эркинжон Турдимов ҳал қила оладими? Жараённи кузатамиз.




