Бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров бир неча мустақил манбаларга асосланиб, ёзмоқда.
Давактив ҳам, давлат банклари ҳам бир неча юз миллион долларлик қарз маблағлари ҳисобига қурилган биноларнинг сотилгани ва битимлар мазмуни ҳақида расмий баёнот бергани йўқ.
«Биноларни ихтиёрий-мажбурий равишда сотган давлат банклари ўша биноларни яна ижарага олиб фойдаланишади.
Ўзбекистонда давлат банклари хусусан, мажбурий тарзда қиммат бино қуриш ва сотиш схемалари орқали пул суғуриб олинадиган контораларга айлантирилаётганига нисбатан регуляторнинг муносабати очиқланмаган, гарчи халқаро стандартлар буни қаттиқ қораласа ҳам», демоқда иқтисодчи.
Маълумот учун, 2024 йилнинг май ойида Пойтахтдаги Tashkent City бизнес маркази ҳудудидаги «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB), «Асакабанк» ва «Алоқабанк»нинг янги кўп қаватли бинолари очиқ савдо орқали сотилиши ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берганди.
KPMG савдо жараёнини ташкил қилиш бўйича консультант сифатида жалб қилингани айтилган.
«Ўзсаноатқурилишбанк» биносининг умумий майдони 82,28 минг квадрат метр бўлиб, 33 қаватдан иборат.
«Асакабанк»нинг 26 қаватли биноси эса 66,2 минг квадрат метр майдонга эга.
«Алоқабанк»да — 81,44 минг квадрат метр майдонга эга 26 қаватли бино мавжуд.
2020−2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида бу бинолар «премиум тоифадаги банк офис бинолари» дейилганди.
«Ўзсаноатқурилишбанк» объекти 137 миллион доллар, «Асакабанк»ники 102 миллион доллар, «Алоқабанк»ники 100 миллион долларга баҳоланган.
Ушбу лойиҳаларга банклар ўз маблағларини киритган.
«Ўзсаноатқурилишбанк» 33 қаватли бизнес марказини сотувга қўйиб, бир вақтнинг ўзида пойтахтнинг Яшнобод туманида савдо ва кўнгилочар марказ, офис ва хонадонлардан иборат 21 қаватли бино қуришини маълум қилганди.




