Ўзбекистон қарзлари ва босимга учраётган иқтисодиёт
Хитой БРЙ (Бир камар — бир йўл) ташаббуси доирасида кредит берувчидан қарз тўпловчига айланган бир пайтда, Марказий Осиё давлатлари, айниқса Қирғизистон ва Тожикистон молиявий босимга дуч келмоқда. Ўзбекистонда эса хитойлик компанияларнинг агрессив иқтисодий ҳаракатлари маҳаллий бозорни издан чиқармоқда.
Бир пайтлар ривожланаётган давлатларга катта миқдорда кредитлар берган Хитой ҳозир дунёдаги энг катта қарз тўпловчига айланди. Бу тенденция Марказий Осиё давлатларига, жумладан Ўзбекистонга жиддий молиявий босим олиб келмоқда.
Австралиядаги Lowy Institute томонидан эълон қилинган “Қарзнинг юкори чўққиси: Хитойнинг глобал кредит сиёсати” номли ҳисоботга кўра, Пекин ҳозир 60 та ривожланаётган мамлакатнинг бюджетлари учун салбий молиявий омилга айланган. Фақат 2024 йилнинг ўзида Хитойнинг мазкур мамлакатларга нет оқими минус 34 миллиард долларни ташкил этган.
2024 йил бошига келиб, Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой давлат муассасаларига бўлган умумий қарзи 20 миллиард долларга яқин бўлган. Бунинг катта қисми — 9,2 миллиард доллар — Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Қирғизистон ва Ўзбекистон қарз миқдори деярли 4 миллиард доллардан, Тожикистонники эса 3 миллиард доллардан ошади.
Мутасаддилар фикрича, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичларига нисбатан бу қарз ҳозирча бошқариш мумкин. Аммо Қирғизистон ва Тожикистон Хитойнинг қарз тузоғига тушиб қолиш хавфи остида.
Бу ҳолатнинг асосий сабаби — 2010-йилларда берилган кредитлар бўйича 5 йиллик имтиёз муддатларининг тугаши ва қисқа тўлов жадвалларининг бошланиши. Шу билан бирга, Хитойнинг ички иқтисодиётдаги секинлашуви ҳам қарзни тезда қайтариш босимини кучайтирмоқда.
Шу билан бирга, Хитой Марказий Осиё давлатларига кескин чоралар қўллаш эҳтимоли кам, чунки бу минтақанинг геостратегик аҳамияти катта. Lowy ҳисоботига кўра, Пекин ҳали ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби ресурс жиҳатдан муҳим ҳамкорларга янги кредитлар бермоқда.
Ўзбекистонда эса хитойлик компаниялар аллақачон маҳаллий бозорга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Anhor.uz томонидан 4 июнь куни эълон қилинган журналистик суриштирувга кўра, хитойлик қурилиш компаниялари цемент нархини шунчалик туширмоқдаки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатга дош беролмаяпти.
Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги икки йилда Ўзбекистондаги цемент заводларининг деярли ярми фаолиятини тўхтатган — ҳозир фақат 24 та завод қолган, улардан 9 таси хитойликларга тегишли.
Бу вазият маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг инқирозга юз тутиши, бозорда монополия ва ташқи иқтисодий манипуляция хавфини юзага келтирмоқда.
Ҳамда, глобал ёрдам камайиб бораётган бир пайтда бу қарз юки янада оғирлашмоқда. Lowy ҳисоботи АҚШ ва Европа Иттифоқининг ривожланаётган мамлакатларга ёрдамни камайтираётганини таъкидлайди. Бу эса Хитой каби геосиёсий манфаатдор кредиторларга боғлиқликни янада кучайтиради.
Хитой бугунги кунда кредитларни қайтаришни талаб қилиш ва шу билан бирга дипломатик муносабатларни бузиб қўймаслик ўртасида мувозанат топиши керак.




