Данияда мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қуръонни ёқиш акцияси яна такрорланди. Бу сафар тадбирни ўнг экстремистик партия (Stram Kurs) асосчиси ва раҳбари Расмус Палудан ташкил қилди. У муқаддас китобни Копенгагендаги Туркия элчихонаси олдида ёқиб юборди.
Расмус Палудан ўзининг Instagram саҳифасида бу ҳаракатини Швецияда бир неча марта Қуръонни ёққан ва кейинчалик Стокгольм яқинидаги уйида TikTok орқали жонли эфир вақтида отиб ўлдирилган Салван Момика хотирасига бағишлаганини айтди. Унинг таъкидлашича, Дания полицияси унга Момикани қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказишга рухсат бермаган.
Палудан аввалроқ ҳам Қуръонни ёқиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширган. Хусусан, у Туркиянинг Швециядаги элчихонаси ва Россиянинг Даниядаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб, мусулмонларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Дания 2023 йилда Қуръонни ёқишни қонунан тақиқлаган эди. Диний матнларга «носоғлом муносабатда бўлган» шахсларга жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.
Маълумот учун: Расмус Палудан 1982 йил 2 январда Даниянинг Шимолий Зеландия ҳудудида туғилган. У Копенгаген университетида ҳуқуқшунослик бўйича таълим олган ва 2008 йилда магистр даражасини қўлга киритган. 2017 йилда у «Қаттиқ йўл» партиясини ташкил этган бўлиб, партия исломни тақиқлаш ва «Ғарбдан бўлмаган шахсларни» Даниядан депортация қилишни талаб қилади. Палудан ўзининг исломга қарши провокацион акциялари билан танилган бўлиб, улар кўпинча жамоатчиликда кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади.
Унинг бу ҳаракатлари нафақат Данияда, балки халқаро миқёсда ҳам кескин танқидларга сабаб бўлди. Масалан, 2020 йилда у Швециянинг Мальмё шаҳрида Қуръонни ёқиб юборганидан сўнг, шаҳарда тартибсизликлар келиб чиқди ва унга Швецияга кириш тақиқланди.
2024 йилда эса, Швеция суди уни этник гуруҳларга қарши нафрат уйғотиш ва араб ҳамда африкан халқларини ҳақорат қилишда айбдор деб топиб, тўрт ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилди.
Унинг исломга қарши ҳаракатлари ва провокацион акциялари бутун дунёда мусулмон жамоалари ва сиёсатчилар томонидан кескин қораланмоқда.




