Андижонда ўзларини «президент оиласига яқин шахс» сифатида таништириб, турли масалаларни ҳал қилиб беришни ваъда қилган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми чиқарилди.
Суд ҳужжатларига кўра, гуруҳга муқаддам ҳам фирибгарлик ва бошқа жиноятлар учун судланган 44 ёшли Ж.Н. раҳбарлик қилган. У гуруҳ аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаб, ўзини «президент оиласига яқин шахс» сифатида таништирган. Қолган иштирокчилар эса пул эвазига турли муаммоларни ҳал қилиб беришни истаган «мижоз»ларни топиб келган.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари лавозимга тайинлаш, давлат ташкилотлари билан йирик шартнома тузиб бериш, суд ишларини ижобий ҳал қилиш, ер майдонлари ва қурилиш рухсатномаларини олиб бериш каби ваъдалар билан бир неча фуқарони алдаган.
Лавозим учун 25 минг доллар
2021 йилда улар бир фуқарога Асака туманидаги «Кўприклардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбари лавозимига тайинлаб беришни ваъда қилиб, 25 минг доллар талаб қилган. Аввалдан 10 минг доллар бериш сўралган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, Ж.Н. ўзини «президент оиласига яқин шахс» деб кўрсатиб, пул берилмаса ўзи ва оиласи учун оқибати яхши бўлмаслигини айтган. Жабрланувчи Captiva автомобилини сотиб, 10 минг долларни берган, маблағ эса шахсий эҳтиёжларга сарфланган.
280 миллиард сўмлик шартнома ваъдаси
2022 йил декабрь ойида чет элдан темирйўл эҳтиёт қисмлари олиб келувчи тадбиркорга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан 280 миллиард сўмлик шартнома тузиб бериш ваъда қилинган.
Бунинг эвазига ундан бўлиб-бўлиб жами 119,5 минг доллар олинган. Кейинчалик унга Toyota Land Cruiser 200 автомобилини 75 минг долларга сотиш баҳонасида яна 45 минг доллар олдиндан олиниб, қайтарилмаган.
Янги Тошкентда қурилиш баҳонаси
Яна бир эпизодда Россия фуқароси В.А. Янги Тошкентда кўп қаватли уйлар қуриш лойиҳаси билан қизиқтирилган. Унга ер майдонлари ва барча рухсатномаларни расмийлаштириш учун 100 минг доллар кераклиги айтилган.
Натижада қурилиш харажатлари учун олдиндан 40 минг доллар олиниб, ушбу маблағ ҳам шахсий мақсадларга ишлатилган.
Фермерлар ҳам алданган
2025 йилда Хоразм вилоятидаги фермер хўжалиги раҳбарига суд орқали ер масаласини ҳал қилиб бериш ваъда қилиниб, 14 минг доллар олинган.
Бошқа бир ҳолатда эса фермер хўжалиги ерларининг ихтисослигини пахтачиликдан шоличиликка ўзгартириб беришни ваъда қилиб, яна 44 минг доллар қўлга киритилган.
Суд қарори
ЖИБ Балиқчи туман судининг 2026 йил 12 мартдаги ҳукми билан гуруҳ аъзолари товламачилик, фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилди.
Уюшган гуруҳ раҳбари Ж.Н. 10 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Қолган судланувчиларга ҳам турли муддатларга қамоқ жазоси тайинланган. Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг жазо қисми бўйича ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.




