Яқинда кредитларнинг гаров таъминоти ҳамда тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган икки муҳим қонун кучга кирди.
2025 йил апрель ойида қабул қилиниб, июн ойидан амалга кирган ушбу ҳужжатлар банклар, молия муассасалари ва тадбиркорлар учун қатор янгиликларни олиб кирди. Гап “Кредитларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” ҳамда “Тадбиркорлик субектларини молияви қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги”ги Қонунлари ҳақида бормоқда. Ҳўш, ҳужжат нима мақсадда такомиллаштирилди ва улар нималарни ўзгартираяпти? Мақолада шу ҳақида сўз боради.
Гаров тизимини такомиллаштириш
Ушбу ўзгартиришнинг асосий мақсади — кредитларни гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини такомиллаштириш, яъни банкларга ўз пулларини тез ва самарали қайтариш имконини беришдир. Бунинг учун бир қатор меъёрий ҳужжатларга, жумладан “Гаров тўғрисида”, “Ипотека тўғрисида” ва Фуқаролик кодексига тегишли ўзгартишлар киритилди.
Қонун билан жорий этилган асосий янгиликлар қуйидагича:
Қарз тўланмаса — гаров ҳисобидан тезроқ ундириш мумкин
Агар қарздор белгиланган муддатда қарзини тўламаса, банк гаровга қўйилган мулк ҳисобидан ўз маблағини судга мурожаат қилмасдан туриб ундириш имконига эга бўлади. Илгари бундай ҳолатларда судга мурожаат қилиш керак эди. Бу ўзгариш натижасида банклар маблағни анча тезроқ қайтариб олади, кредит тизимидаги ҳаракат жадаллашади.
Гаров реестри янгиланади
Гаров битимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими такомиллаштирилди. Энди бир хил мулкни икки ёки ундан ортиқ банкка гаровга қўйишнинг олди олинади. Бу банклар учун катта кафолат бўлиб, уларнинг ҳуқуқий хавфларини камайтиради.
Гаровга қабул қилинадиган мулк турлари кўпаяди
Эндиликда банклар гаров сифатида фақат кўчмас мулкни эмас, балки айланма маблағлар, омбордаги маҳсулотлар ёки бошқа активларни ҳам қабул қилиши мумкин. Бу тадбиркорлар учун янги имкониятлар очади — улар банк кредити олиш учун ўз фаолиятидаги турли активлардан фойдалана олади.
Кичик кечикишлар учун катта чора кўрилмайди
Қонунга кўра, агар қарздорнинг кечиккан қарзи гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса ва 3 ойдан ошмаса, банк дарҳол гаровни сотиш чорасини кўрмайди. Бу эса мижозларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилади ва икки томон учун адолатли тизим яратади.
Бир сўз билан айтганда, гаров тизимидаги ушбу ўзгаришлар банклар учун ҳам, мижозлар учун ҳам қулай муҳит яратди. Банк ўз маблағини тезроқ қайтариб олади, мижоз эса ишончли ва шаффоф шартлар асосида кредит олади.
Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашда нималар янгиланди?
Қонунчиликдаги янгилик тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва кичик бизнес учун қулай молиявий муҳит яратишни мақсад қилади. Энди тадбиркорлар кредит олишда кўплаб енгилликлардан фойдаланишлари мумкин.
Биринчидан, имтиёзли кредитлар имконияти кенгайди.
Тадбиркорларга паст фоизли ва узоқ муддатли кредитлар тақдим этиш механизми такомиллаштирилди. Бу — янги бизнесни бошлаётган ёки мавжуд ишлаб чиқаришини кенгайтирмоқчи бўлганлар учун катта ёрдам.
Иккинчидан, кафолат ва суғурта тизими мустаҳкамланди.
Эндиликда тадбиркорлар кредит олишда кафил топишда қийналмайди. Улар учун Кафолат жамғармаси орқали кафиллик тизими фаол ишлайди. Шунингдек, суғурта воситалари орқали ҳам таваккалчиликни камайтириш мумкин бўлди.
Учинчидан, ҳужжат йиғиш осонлашди.
Кредит олишдаги ортиқча қоғозбозлик қисқартирилди. Энг муҳими — тадбиркорлар ҳужжатларни онлайн топшириши мумкин. Бу вақт ва харажатни тежайди, жараённи шаффоф қилади.
Тўртинчидан, банклар учун солиқ енгилликлари берилди.
Жумладан, банклар кичик бизнесга кредит берганда уларга солиқ бўйича имтиёзлар берилади. Бу банкларни тадбиркорликни янада фаол қўллаб-қувватлашга рағбатлантиради.
Бешинчи янгилик, Факторинг бўлиб, уни бемалол янги имкониятлар эшиги деб айтишимиз мумкин!
Яъни Қонун орқали банк кредитидан ташқари факторинг хизмати ҳам ҳуқуқий асосга эга бўлди. Бу — тадбиркорнинг товар ёки хизмат учун кутилган пул талабини махсус ташкилотга сотиш орқали тез маблағ олиши мумкинлигини англатади. Эндиликда, тадбиркор пул айланмасини кутмасдан, ишини давом эттира олади.
Демак, тадбиркорлар учун кредит олиш осонлашди, кафолат тизими кучайди, янги молиявий воситалар пайдо бўлди. Бу эса мамлакатда кичик ва ўрта бизнеснинг ривожига катта туртки беради.
Халқ банки доимгидек янгиликлар томонида!
Халқ банки мазкур қонунларда белгиланган ислоҳотларни олқишлайди ва уларни амалиётга жорий этишда фаол иштирок этмоқда.
Банк мижозлар учун:
- енгил шартларда кредит бериш,
- гаров тартибини соддалаштириш,
- онлайн хизматлар орқали тез ва қулай тарзда ариза қабул қилиш,
- тадбиркорларни кафолат ва суғурта орқали қўллаб-қувватлаш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Бу ўзгаришларни бизнинг банк мижозлари аллақачон ҳис этиб, банкимиз хизматлари самарадорлиги ошганини айтишмоқда. Биз иқтисодиётда фаоллик орқали инвестиция муҳитини яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.
Реклама ҳуқуқи асосида




