Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Теҳронда Эрон Биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер билан учрашди. Бу ҳақда Iran News ёзмоқда.
Учрашув чоғида вице-президент молиявий операцияларни ҳар икки давлатнинг миллий валюталаридан фойдаланган ҳолда амалга ошириш мумкинлигини таклиф қилиб, учинчи давлат валютасидан фойдаланишдан қочиш муҳимлигини таъкидлаган.
“Бу Эрон ва Ўзбекистон миллий валюталари қийматини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Икки мамлакат марказий банклари бунинг учун зарур банк механизмларини яратиши керак”, — дея қўшимча қилган у.
Бундан ташқари, Эрон ва Ўзбекистон икки давлат ўртасидаги банк ва транзит масалаларини ҳал этиш, шунингдек, иқтисодий алмашинувни 2 миллиард долларга етказиш таъкидланган.
Ўзбекистон энергетика вазири унинг бу таклифига фандай жавоб қайтаргани маълум эмас. Аммо у Эроннинг энергетика соҳасидаги имкониятларини юқори баҳолаган.
“Йирик Эрон компанияларига ташрифлар чоғида мамлакатда саноат соҳасида сезиларли ютуқларга эришилганининг гувоҳи бўлдик. Биз Ўзбекистонда Эрон Ислом Республикасининг нефт, нефт-кимё, озиқ-овқат ва саноат соҳаларида илғор технологияларни қўллашни мақсад қилганмиз”, – деган Жўрабек Мирзамаҳмудов.
У икки давлатда саноат зоналарининг ташкил этилишини давлат ва хусусий секторга саноат лойиҳалари ва маҳсулотларини жорий этишнинг муҳим омили сифатида баҳолаб, икки давлат ўртасидаги транзит салоҳиятини ошириш зарурлигини ҳам қистириб ўтган.
“Бугунги кунда юк ташиш имконияти 3 мингтагача транспорт воситасини ташкил этади. Аммо сўнгги баҳолашларга кўра, уни 24 мингтагача ошириш имконияти мавжуд”, – деган Мирзамаҳмудов.
Ўзбекистон энергетика вазири, шунингдек, икки давлат президентларининг сўнгги икки йилдаги тарихий учрашувларини муносабатлар чуқурлашганидан далолат сифатида баҳолаб, давлат раҳбарлари молиявий-иқтисодий айирбошлаш ҳажмини 500 миллион доллардан 1 миллиард долларга ошириш зарурлигини таъкидлаган. Маълум бўлишича, бу кўрсаткични яқин келажакда 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Икки давлат ўртасидаги келишувларни амалга ошириш учун зарур базани яратиш эса муҳим аҳамиятга эга.