Бироқ палата бу бюджет пули қайси ташкилот ёки ким томонидан ноқонуний сарфланганини очиқламаяпти.
Ҳукумат идоралари ва вазирликлар бюджет пулларини сарфлашда 150 млрд сўмлик ортиқча ва ноқонуний ишларни амалга оширган. Шунингдек, 797.4 млрд сўмлик мақсадсиз ва самарасиз ҳаражатлар аниқланган. Бу ҳақида Ҳисоб палатаси ҳисобот берди. Бироқ, Ҳисоб палатаси 150 млрд сўмлик ортиқча ва ноқонуний ишлар қайси вазирлик ёки ташкилот томонидан амалга оширилганини очиқламаган.
Палата ҳисоботида 2024 йил учун Давлат бюджети харажатлари ижроси ва йил якунигача маблағларни ўзлаштириш имкониятлари қайта баҳоланиб, 2,5 трлн сўм миқдоридаги маблағларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар киритилгани қайд этилган. Палатанинг 6 ойлик бир варақ ҳисоботи «қилинди», «текширилди» қабилидаги умумий маълумотлардан иборат бўлиб, унда йирик бюджет маблағини ноқонуний сарфланган қисми қайси вазирлик ва ташкилотларга қанчадан тўғри келишига аниқлик киритмаган.
Сенат мажлисида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бюджет харажатлари ва ҳисоботлари очиқ ва шаффоф бўлиши лозимлигини қайд этган эди.
Аҳоли бюджет сарфи билан бирга у ким томонидан ноқонуний сарфлангани ҳақида ҳам очиқ ахборот олишга ҳақли.
Маълумки, Ҳисоб палатаси Давлат бюджети шаклланиши ва ижросини таъминлашда парламент назоратининг муҳим воситаси ҳисобланади. Мазкур такшилот бюджет маблағларининг тўғри сарфланиши учун жавобгардир.