Ижтимоий тармоқларда Воронежда рейд ўтказилиб, унда Ўзбекистон фуқаролари ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг аниқлик киритишича, ҳолат жорий йилнинг 7 июнь куни Воронеж шаҳридаги «Развитие» қурилиш ҳудудида юз берган.
Рейд тадбири ўтказилган ушбу қурилиш ҳудудида 45 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бўлиб, уларнинг 12 нафари норасмий ишлаган.
«Норасмий ишлаганларнинг 11 нафарига нисбатан патент муддати ўтиб кетгани сабабли жарима шаклида маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, шу куннинг ўзида вақтинча яшаш жойига рухсат берилган ва яна 1 нафари эса ҳеч қандай ҳужжатларсиз ишлагани сабабли ҳозирда мамлакат ҳудудидан депортация қилинмоқда», дейилади агентлик муносабатида.
Агентлик юртдошларимиздан маҳаллий қонун-қоидаларга риоя қилиш ҳамда миграция қонунчилигини бузмаслик сўраган.