Очиқлик сиёсати сабабли БРБнинг қатор бўлинмалари халқаро сертификатга эга бўлди

Молия муассасасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, шартномавий муносабатлар ва харидларда шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мутасадди давлат органлари билан фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Хусусан, ҳозирда 2 733 нафар ходим Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси платформасида ўқитилмоқда.
Бу рақамлар «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Сергели банк хизматлари марказида «Аксилкоррупция ойлиги» доирасида ўтган «Очиқ эшиклар куни»да айтиб ўтилди.

Унда Банк Бошқаруви раҳбарияти, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, банк мижозлари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда банк тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Коррупциянинг жамиятдаги соғлом қадриятларга, жамоадаги ишчанлик муҳитига ва ташкилотнинг мижозлар олдидаги имижига салбий таъсири ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, банкнинг Комплаэнс назорати хизмати масъул ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.

Қайд этилдики, банк тизимида амалга оширилган самарали чора-тадбирлар натижасида Бош банк, Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Яккасарой БХО ИСО 37001:2016 халқаро сертификатига эга бўлди. Шунингдек, юқори лавозимдаги 23 нафар ходим “CERT academy”да коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув курсида ўқитилди. Уларга ИСО 37001:2016 Коррупцияга қарши менежмент тизими халқаро сертификати берилди. Бундан ташқари, Комплаэнс назорати департаментининг 18 нафар ходимида ҳам ИСО 37001:2016 Коррупцияга қарши менежмент тизими халқаро сертификатлари мавжуд.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Реклама ҳуқуқи асосида




