✔️Маънавий экспертиза ижод эркинлигини тўсмайдими?
✔️Ваҳшийлик ва порнографияни чеклаш ва жазолашга мавжуд қонунлар етарли эмасми?
Эндиликда Ўзбекистонда медиамаҳсулотлар ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги учун «маънавий экспертиза»дан ўтказилади. Бу ҳақда Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов эълон қилди.
Унга кўра, бунга Республика Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий медиа бирлашмасининг биргаликдаги қарори билан келишилган.
Uzdiplomat.uz мухбири «Маънавий экспертиза» дан ўтказиш борасидаги қарорга Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимовнинг муносабати билан қизиқди.
– Бу ҳақида фикрим яхши. Бу фикр эркинлигининг бўғилиши эмас, – деди Х. Салимов. – Шанба, якшанба куни мен ижтимоий тармоқларда тақдим этилаётган видео материалларни кўриб, тўғриси, ўғил-қизларимиз, фарзандларимизни тарбиясига қандай таъсири қилишини ўйлаб туриб одам бир ўйга толади. Мен айтмоқчиманки, ижтимоий тармоқларда интернет нашрларда эълон қилинаётган материалларни маънавий экспертизадан ўтказиш тўғри бўлади. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар деймиз, Instagram деймиз, Facebook шу каби ижтимоий тармоқларда турли шов-шувларга сабаб бўладиган, одамларни эътиборини тортадиган материалларни кўпроқ беришга ҳаракат қилиняпти. Айни жараёнда ижтимоий тармоқ фаоллари интернет журналистлари кўпчиликни эътиборини тортиши учун беради буни. Автофалокатларда рўй берган жараёнлар, инсонларнинг яримжон бўлиб ётиши, 10 қаватли бинодан ўзини ташлаб юбориши ёки ўз жонига қасд қиладиган ёки ўзини ёқиб юборадиган аёлларнинг тасвирларини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ёшларимиз ва кенг жамоатчиликка салбий таъсир қилади. Уларни биз назорат қилишимиз керак. Қайси маънода, сўз эркинлигининг бўғилишига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу ёшларимизнинг тарбияси учун қилинадиган иш деб ўйлайман. Агар биз кузатадиган бўлсак, хориж мамлакатларида, сўз эркинлиги бутун ура-ура қилаётган мамлакатларнинг ўзида ҳам мана шундай ҳолатларда масалан, инсон ҳаёти билан, шахсий дахлсизлик билан боғлиқ бўлган ҳолатларда эълон қилиб юборилиши тегишли чоралар кўрилиши, жарималар тўланиши ҳолатларини кузатамиз. Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган материалларни маънавий экспертизадан ўтказилишини қўллаб-қувватлайман. Чунки интернет нашрларида тарбия масаласи ўғил-қизларимизнинг тарбияси жуда муҳим масала бўлиб турибди, деб фикр билдирди Холмурод Салимов.
Маълумот учун, ёшлар ва болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида »ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида »ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган.
Мазкур қонунларда фуқароларни, шу жумладан вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказувчи, болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, инсон қадр-қимматини камситувчи, ишчанлик обрўсига путур етказиш каби ахборотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.




