ЕИ қайд этган камчиликлар:
➖ННТларни рўйхатдан ўтказишдаги қийинчиликлар;
➖ сўз ва матбуот эркинлигига таҳдидлар;
➖қамоқ жойларида қийноқлардан фойдаланиш;
➖ касаба уюшмалари амалиёти бўйича хавотирларини қайд этилган.
Европа Иттифоқининг GSP+ мониторинг миссияси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, коррупцияга қарши кураш ва экологик стандартларга риоя этилишини баҳолади
Европа Иттифоқининг расмийларидан иборат гуруҳ 2025 йил 14–20 март кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатнинг барқарор ривожланиш ва яхши бошқарув бўйича махсус имтиёзли GSP+ тизими доирасида амалга оширилиши лозим бўлган 27 та БМТ конвенциясининг ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.
Бу ЕИ томонидан ташкил этилган иккинчи мониторинг миссияси бўлиб, унда ҳукумат, фуқаролик жамияти, ижтимоий шериклар, БМТ агентликлари, халқаро ҳамкорлар ва ЕИ аъзо давлатлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Миссия Бухоро шаҳрига ҳам ташриф буюриб, маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. У ерда меҳнат ҳуқуқлари ҳамда қамоқхоналарда қийноқлар олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларда Ўзбекистонда очиқ ва мустақил фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сўз ва матбуот эркинлиги, суд ҳокимияти мустақиллиги, коррупцияга қарши кураш ва аёлларга нисбатан зўравонлик, жумладан оилавий зўравонликка қарши чоралар муҳокама қилинди.
Мониторинг гуруҳи ННТларни рўйхатдан ўтказишдаги қийинчиликлар, фуқароларнинг уюшмалар тузиш, сўз ва матбуот эркинлигига таҳдидлар, қамоқ жойларида қийноқлардан фойдаланиш ҳолатлари ҳамда касаба уюшмалари амалиёти бўйича хавотирларини қайд этди. Шу билан бирга, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан камситишларга қарши сиёсатларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар ҳам эътироф этилди.
Мониторинг жамоаси қурилиш, қишлоқ хўжалиги (хусусан пахта ва ипакчилик) ва ноформал иқтисодиёт каби асосий соҳаларда меҳнат шароитларини ҳам ўрганди. Ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар мавжуд бўлса-да, ЕИ расмийлари Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши кураш бўйича режалари, ишчиларга намойиш қилиш ҳуқуқини таъминлаш борасидаги ислоҳотлари ҳамда пахта йиғимида мажбурий ва болалар меҳнатини бутунлай йўқ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади. Миссия якунида ЕИ расмийлари ҳукумат вакиллари билан ўз хулосалари ва тавсияларини муҳокама қилди.
ЕИ мониторинг гуруҳи ЕИ Савдо бош бошқармаси (DG Trade), Бандлик, ижтимоий масалалар ва инклюзия бош бошқармаси (DG Employment) ҳамда Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) мутахассисларидан иборат бўлган. Ўзбекистон GSP+ тизимига қўшилганида, 27 та БМТ конвенциясини самарали амалга ошириш бўйича ўз зиммасига мажбурият олган эди. Бу конвенциялар инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш, коррупцияга қарши кураш ва гиёҳванд моддаларга қарши чораларни ўз ичига олади.
Миссиянинг ёпилиш маросимида ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар шундай деди:
“Халқаро мажбуриятларни самарали бажариш – Ўзбекистоннинг ЕИ бозорига имтиёзли киришининг асосидир. Бу иккинчи мониторинг миссияси Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги интилишини тасдиқлади ва долзарб муаммолар юзасидан чуқур мулоҳаза қилиш имконини берди. Мониторинг натижалари ва ҳукумат билан мулоқот ҳақидаги ҳисобот яқин кунларда Европа Парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгашига тақдим этилади.”




