Истанбул Бош прокуратураси томонидан Истанбул шаҳар мэри ҳамда жами 106 кишига нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда. Мазкур шахслар турли жиноятларга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Икки тергов, жиддий айбловлар
Биринчи тергов Террористик жиноятлар тергов бюроси томонидан олиб борилмоқда. Унда шубҳа остидаги шахслар, жумладан, Истанбул мэри террористик ташкилотга ёрдам берганликда гумон қилинмоқда.
Иккинчи тергов эса ташкилотлар жиноятчилик тергов бюроси томонидан олиб борилмоқда. Унда 100 дан ортиқ гумондор, жумладан, шаҳар мэри коррупция, пораҳўрлик, маблағ ўзлаштириш, тендерларда фирибгарлик ҳамда шахсий маълумотларни ноқонуний қўлга киритиш каби жиноятларда айбланмоқда.
Прокуратура ушбу терговлар Молия жиноятларини тергов қилиш кенгаши (MASAK) ҳисоботлари, солиқ мутахассислари баҳолари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далилларга асосланган ҳолда олиб борилаётганини таъкидламоқда.
Туркияда қонун устуворлиги синов остидами?
Туркия ҳукумати бу жараёнга жавоб берган ҳолда, мамлакатда қонун устуворлиги тамойили амал қилишини таъкидлади. Туркия Конституциясининг 9-моддасида суд ҳокимияти мустақил ва холис судлар томонидан амалга оширилиши белгиланган, 138-моддада эса суд ишларига ташқи аралашув тақиқланган.
Бундан ташқари, прокуратура 157-модда – жиноят процессуал кодекси тергов махфийлигини таъминлаши кераклигини эслатди. Расмийлар бунни суд тизимининг мустақиллигини сақлаш ва нотўғри маълумот тарқалишининг олдини олиш учун зарур деб билади.
Сиёсий можароми ёки …?
Ушбу иш жамоатчилик орасида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Танқидчилар тергов жараёнини сиёсий тазйиқ сифатида баҳоламоқда. Баъзи мухолифатчилар бу ҳолатни “суд тизимидаги тўнтариш” деб атаяпти. Бироқ ҳукумат вакиллари бу даъволарни қатъий рад этиб, тергов жараёнига таъсир ўтказиш ёки кўча намойишлари уюштириш нотўғри эканини таъкидламоқда.
Расмийларнинг қайд этишича, адолат кўчаларда эмас, судларда таъминланиши керак. Шунингдек, бу ишни Президент Ражаб Тойиб Эрдоған билан боғлаш нотўғри ва чалғитувчи экани таъкидланди.
Энди нима бўлади?
Туркия суд тизими ички ва халқаро кузатув остида қолмоқда. Юридик экспертлар ва сиёсий таҳлилчилар ушбу тергов ҳақиқатан ҳам жиноятчиликка қарши курашми ёки сиёсий ўйинми, деган саволни муҳокама қилишмоқда.
Мазкур иш натижаси Туркияда қонун устуворлиги, сиёсий муҳит ва халқаро обрўга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Uzdiplomat.uz тергов жараёнларини кузатишда давом этади.




