Tажриба Андижондан бошланади
Ўзбекистонда суюлтирилган газни аҳолига етказиб бериш тизими қайта кўриб чиқилади.
Хусусий тадбиркорларга ўзи импорт қилган ёки биржадан харид қилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериш имконияти яратилади.
Бу масала 27 июль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёқилғи-энергетика соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинди.
Айни пайтда мамлакатда табиий газ етказиб бериш қийин бўлган 1 минг 916 та маҳалла бор. Масъулларга уч ой ичида ушбу маҳаллалардаги иситиш тизимини электр энергиясига ўтказиш учун қанча инфратузилма ва қўшимча электр қуввати зарурлигини ҳисоблаш топширилди. Биринчи навбатда маблағ ажратилиши керак бўлган маҳаллалар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
Ҳозир Ўзбекистонда 3,7 миллион хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Сўнгги йилларда газ баллонларини ҳисобга олиш ва етказиб бериш жараёнлари рақамлаштирилган бўлса-да, аҳолига газни ўз вақтида ва кафолатли етказиш муаммоси тўлиқ бартараф этилмаган.
Шу сабабли суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни жалб қилиш ва янги тизимни дастлаб Андижон вилоятида синовдан ўтказиш таклифи маъқулланди. Янги тартибда тадбиркорлар ўзлари импорт қилган ёки товар-хомашё биржасидан сотиб олган газни истеъмолчиларга етказиб бериши мумкин бўлади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга эса суюлтирилган газ хариди учун субсидия ажратиш кўзда тутилмоқда.
Йил якунига қадар «Андижон тажрибаси» ишлаб чиқилиб, кейин бошқа ҳудудларга жорий этилади.
Андижонда жорий йилнинг биринчи ярмида режадаги 48 минг тонна ўрнига 41 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Вилоятдаги 318 та маҳаллада газ таъминоти тасдиқланган графикдан ортда қолаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, йил бошидан хусусий сектор томонидан республикага 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган.
Йиғилишда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунигача аввал режалаштирилган 520 минг тоннадан 606 минг тоннагача ошириш вазифаси ҳам қўйилди.
Баллонлар ҳажми эҳтиёжга қараб ўзгариши мумкин!
Ҳозир суюлтирилган газ аҳолига асосан стандарт 20 килограммли баллонлар орқали етказилади. Аммо айрим оилаларга бир ой учун 5–6 килограмм газ етарли бўлса, бошқа хонадонларнинг эҳтиёжи 30–40 килограммга етади.
Шу боис газ баллонлари ҳажмини хонадонларнинг ҳақиқий эҳтиёжига қараб табақалаштириш таклиф қилинди. Масъулларга бир ой ичида суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизимини хорижий тажриба ҳамда халқаро хавфсизлик стандартлари асосида қайта кўриб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси берилди.




