Остонада бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иттифоқ билан ҳамкорликнинг янги йўналишларини таклиф қилди. Нутқда аъзолик ҳақида сўз бўлмаган бўлса-да, рақамли савдо, меҳнат миграцияси, саноат кооперацияси ва ягона иқтисодий макон элементларини яратиш бўйича ташаббуслар Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан иқтисодий интеграциясини янада чуқурлаштиришга тайёр эканини кўрсатди.
Остона шаҳрида ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқи олий кенгаши йиғилишида иштирок этган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат учун ЕОИИ давлатлари билан амалий ҳамкорлик ташқи иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Президент сўзларига кўра, бугун Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги муносабатлар оддий савдо ҳамкорлигидан чиқиб, комплекс иқтисодий шериклик даражасига кўтарилган. Ўзаро савдо ўсмоқда, саноат кооперацияси кенгаймоқда, логистика алоқалари мустаҳкамланмоқда ва янги иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик шаклланмоқда.
Ягона рақамли бозор сари
Мирзиёев нутқининг энг муҳим нуқталаридан бири Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасида тўсиқларсиз рақамли савдо муҳитини яратиш таклифи бўлди.
Гап электрон тижоратни мувофиқлаштириш, божхона, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида рақамли маълумот алмашиш, товарларнинг келиб чиқишини электрон сертификатлаш ва электрон ҳужжатларни ўзаро тан олиш ҳақида кетмоқда.
Шунингдек, рақамли транзит ва “ақлли” транспорт-божхона йўлакларини ташкил қилиш таклиф қилинди.
Бу таклифлар амалга ошса, Ўзбекистон ЕОИИнинг ягона рақамли иқтисодий инфратузилмасига янада яқинлашади.
Меҳнат миграцияси учун ягона платформа
Президент меҳнат миграцияси соҳасида ҳам янги ташаббус билан чиқди.
У миллий электрон бандлик тизимларини ўзаро боғлашни таклиф қилди. Бу меҳнат муҳожирларига иш ўринлари, ишлаш шартлари ва қабул қилувчи мамлакатлар қонунчилиги ҳақида ишончли маълумотларни тўғридан-тўғри олиш имконини бериши кутилмоқда.
Ўзбекистондан асосан Россия ва Қозоғистон меҳнат бозорларига чиқадиган юз минглаб фуқаролар учун бу муҳим механизм бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ЕОИИ саноат занжирларига кирмоқчи
Нутқда саноат кооперациясига ҳам алоҳида урғу берилди.
Президент робототехника, саноат автоматизацияси, энергетика учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологиялар ва қурилиш материаллари соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда қўшма лойиҳа офиси ташкил этиш таклиф қилинди.
Бу марказ инвесторлар, ишлаб чиқарувчилар ва молия институтларини бирлаштирувчи платформа вазифасини бажариши мумкин.
“Яшил” иқтисодиёт ва сунъий интеллект
Мирзиёев энергия самарадорлигини ошириш, маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтириш ва экологик технологияларни жорий этиш бўйича қўшма дастур қабул қилишни ҳам таклиф қилди.
Президентнинг таъкидлашича, бугунги кунда “яшил” иқтисодиёт нафақат экологик, балки иқтисодий рақобатбардошлик масаласига ҳам айланмоқда.
Шу муносабат билан сунъий интеллект технологияларини саноатни модернизация қилишга жалб қилиш зарурлиги ҳам қайд этилди.
ЕОИИга аъзолик эмас, иқтисодий прагматизм
Эътиборли жиҳат шундаки, нутқ давомида Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлиқ аъзо бўлиши ҳақида ҳеч қандай баёнот янграмади.
Бироқ илгари сурилган таклифлар мазмунидан келиб чиқилса, Тошкент рақамли иқтисодиёт, логистика, саноат, молия ва меҳнат миграцияси соҳаларида Иттифоқ билан интеграцияни босқичма-босқич кенгайтириш тарафдори экани кўринмоқда.
Бу эса бир қарашда қарама-қарши туюлган ҳолатни юзага келтирмоқда: Ўзбекистон ЕОИИга аъзо эмас, аммо иқтисодий соҳаларнинг катта қисмида Иттифоқ механизмлари билан уйғунлашиш жараёни давом этмоқда.
Саммитдаги нутқдан чиқадиган асосий хулоса ҳам шу — Тошкент ҳозирча сиёсий интеграция ҳақида эмас, иқтисодий манфаатлар ва прагматик ҳамкорлик ҳақида гапирмоқда. Аммо бу ҳамкорлик қамрови йилдан-йилга кенгайиб бораётгани эътибордан четда қолмайди.




