Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг 23 ёшли қариндоши Нурасил Медеу давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган иккита хусусий университетнинг асосий эгаларидан бири экани аниқланди. Улардан бири 250 миллион доллардан ортиқ бюджет маблағига қурилган мажмуада фаолият юритмоқда. Иккинчи университет эса ташкил этилганидан 11 кун ўтиб, давлат компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Бу ҳақда 16 октябрь куни Журналистик суриштирувлар маркази — OCCRP платформасида эълон қилинган Radio Azattyq суриштирувида маълум қилинди.
Журналистлар компанияларнинг рўйхатдан ўтиш ҳужжатлари, давлат харидлари ва очиқ манбаларни ўрганиб, Нурасил Медеу президент Тоқаевнинг синглиси Карлиға Избастинанинг набираси эканини аниқлаган. Унинг онаси Дана Медеуова эса яқинда парламент депутати бўлган.
18 ёшида университет очган
Суриштирувга кўра, Нурасил Медеу 2021 йилда, АҚШнинг Бостон университетида таҳсил олаётган 18 ёшли талаба пайтида Остонада Жисмоний тарбия ва оммавий спорт академиясига асос солган.
У бир неча йил давомида ушбу хусусий таълим муассасасининг ягона эгаси бўлган.
2025 йил августда давлатга қарашли KazSportInvest компанияси академиянинг 5 фоиз улушини сотиб олган. 2026 йилда эса академия Қозоғистон миллий спорт университетига айлантирилган.
Апрель ойида университет давлат бюджети ҳисобидан қурилган йирик спорт мажмуасига кўчирилган. Майдони 20,6 гектар бўлган ушбу объектда 220 минг квадрат метрлик бино ва спорт иншоотлари жойлашган.
Расмий давлат харидлари маълумотларига кўра, мажмуа қурилиши учун бюджетдан 250 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган.
Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги университет ушбу давлат мулкидан ишончли бошқарув шартномаси асосида фойдаланаётганини билдирган.
Шу билан бирга, Медеу университет кампуси хусусийлаштирилмаганини, у давлат мулки бўлиб қолаётганини ва шартнома уни хусусий мулкка ўтказишни тақиқлашини таъкидлаган.
Давлатдан 4,2 миллион долларлик шартномалар
Журналистлар яна бир муҳим ҳолатни аниқлаган: 2021 йилдан буён Медеу ташкил этган спорт таълим муассасаси давлат буюртмалари бўйича умумий қиймати 4,2 миллион доллардан ортиқ шартномаларни қўлга киритган.
Уларнинг энг йириги 2026 йил март ойида тузилган бўлиб, қиймати 2,5 миллион доллардан ошган. Шартнома талабалар ва мутахассисларни тайёрлаш хизматларига оид.
Бундан ташқари, 2025–2026 ўқув йили учун мазкур университетга жисмоний тарбия ўқитувчиларини тайёрлаш мақсадида 250 та давлат гранти ажратилган.
Университетнинг молиявий ҳисоботлари очиқ эълон қилинмагани сабабли журналистлар унинг умумий даромадини аниқлай олмаган.
Иккинчи университет ҳам давлат билан ҳамкорликда
2026 йил апрель ойида Нурасил Медеу сунъий интеллект соҳасига ихтисослашган Qazaq AI Research University хусусий университетини ташкил этган.
Орадан атиги 11 кун ўтиб, давлатга тегишли QazExpoCongress компанияси университетнинг 5 фоиз улушини қўлга киритган.
Янги таълим муассасаси Остонадаги EXPO–2017 халқаро кўргазмаси учун қурилган машҳур шарсимон бинода жойлашган. Ушбу ҳудуд ҳозир сунъий интеллект ва инновациялар марказига айлантирилмоқда.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев университет жойлашган сунъий интеллект марказига шахсан ташриф буюрган. Ташриф давомида Нурасил Медеу мамлакат бош вазири ўринбосари, сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев билан бирга президентга лойиҳа тақдимотини ўтказган.
Тоқаев кейинчалик университетни очиқ қўллаб-қувватлаб, уни мамлакатда юқори малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутадиган таълим муассасаси сифатида тилга олган.
2026 йил сентябрда университет дастлабки 400 нафар бакалавриат ва 100 нафар магистратура талабасини қабул қилган.
Президент қариндоши имтиёзлардан фойдаланганми?
Суриштирувда Нурасил Медеунинг қисқа вақт ичида иккита йирик университет ташкил этиши, уларнинг давлат мулки ва ресурсларидан фойдаланиши ҳамда президент томонидан очиқ қўллаб-қувватланиши эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида саволлар туғдириши таъкидланган.
Нурасил Медеу эса президент билан қариндошлиги унга алоҳида имтиёзлар бергани ҳақидаги иддаоларни рад этган.
Унинг айтишича, Қозоғистонда ҳар қандай фуқаро университет очиши ва тегишли лицензия олиши мумкин.
Қозоғистон президенти администрацияси журналистларнинг саволларини Фан ва олий таълим вазирлигига йўналтирган.
Вазирлик эса университетларга лицензия беришда муассаса эгасининг шахси эмас, таълим талабларига мувофиқлиги асосий мезон эканини билдирган. Бироқ давлат компанияларининг университетлардан улуш сотиб олиши ва уларнинг давлат объектларида фаолият юритиши ҳақидаги саволларга бевосита жавоб бермаган.
Суриштирув давлат мулки ноқонуний хусусийлаштирилгани ёки Медеуга қонунга хилоф имтиёз берилганини исботламайди. Бироқ президентнинг яқин қариндошига тегишли хусусий таълим муассасалари қандай шартлар асосида йирик давлат ресурсларидан фойдаланаётгани ва бу жараёнда тенг рақобат тамойиллари таъминланганми, деган саволларни ўртага қўяди.




