Жаҳон Матбуот Эркинлиги Индекси тарихида илк бор журналистик фаолият олиб бориш шароити дунёдаги давлатларнинг ярмида ёмон деб баҳоланди. Энг ёмон натижалар Сурия, Хитой, Шимолий Корея ва Эритреяда.
Ўзбекистонда шу кунларда ўтаётган сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги масалаларга бағишланган анжуманларда «бизда ҳаммаси яхшиланмоқда» деб таъриф берилаётган бир вақтда хорижий ташкилот мамлакатда «вазият жиддий»лигини қайд этган.
«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders, RSF) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги бўйича 2025 йилги янги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади.
Ўзбекистонда ҳалигача хусусий телевидение мавжудлиги сезилмаслиги, давлатга тегишли радио расмий тарғиботни эфирга узатиши, хусусий радиостанциялар ёпиб қўйилиши мумкинлигидан қўрқиб, ҳеч қандай танқидий баёнотлар беришмаслиги, босма матбуот эса давлат манфаатларига хизмат қилиши қайд этилган. Сифатли контент чоп этадиган онлайн ОАВлар сони тахминан 15 тага тенг бўлиб, уларнинг баъзилари хорижда жойлашган, дейилади хабарда.
«Ёшлар сони кўплиги ва интернет қамровининг кенгайиши ижтимоий тармоқларда фаолликни кучайтирди — хусусан, Одноклассники, Facebook, Telegram ва YouTube платформалардаги баъзи гуруҳлар расмий ОАВ деярли ёритмайдиган коррупция мавзусида маълумот алмашишмоқда», дейилади унда.
Ўтган йили мамлакат 2023 йилги рейтингдаги ўрнидан бирданига 11 поғона пастлаган эди ва ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб»дан «жуда жиддий» босқичга ўтди. Йиллар кесимида ҳолат қандай ўзгаргани қуйида акс эттирилган:
| Йил | Ўрин | Изоҳ |
| 2018 | 165 | Илк марта «қора зона»дан чиқди, баъзи журналистлар озод қилинди |
| 2019 | 160 | 5 поғона яхшиланиш, чекланган мустақиллик |
| 2020 | 156 | Эркин ОАВ сони ортди, танқидий материаллар ошди |
| 2021 | 157 | 1 поғона пасайди, босимлар сақланди |
| 2022 | 133 | Янгиланган методология асосида жиддий кўтарилиш |
| 2023 | 137 | 4 поғона пасайиш, блогерларга нисбатан босимлар |
| 2024 | 148 | 11 поғона пасайди, цензура кучайди |
| 2025 | 148 | “Қизил зона”да қолди, фаолият учун шароит ёмон |
Марказий Осиё мамлакатларида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият қуйидагича: индексда Қозоғистон 141-ўрин, Қирғизистон 120-ўриндан 144 ўринга (-22), Туркманистон 174-ўрин (-1), Тожикистон эса 153-ўрин (+2)да қайд этилган.
RSF томонидан 2025 йилги Жаҳон Матбуот Эркинлиги Индекси учун тўпланган маълумотларга кўра, баҳоланган 180 та давлатдан 160 тасида оммавий ахборот воситалари молиявий барқарорликка “қийинлик билан” ёки “умуман” эриша олмайди




