Афғонистон Ҳиротнинг Торғунди қуруқ порти орқали Марказий Осиё давлатлари, хусусан Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга экспорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширган. Бу ҳақда Афғонистон расмийларига таяниб, “Алемераҳ” расмий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Унга кўра, ўтган йили Афғонистон юкларини олиб кетаётган ўртача 15 та юк машинаси порт орқали Марказий Осиё томон ўтган. Жорий йилда эса экспорт сезиларли даражада ўсиб, ўртача 26-30 та юк автомобили ўтказилган.
Экспорт қилинадиган маҳсулотлар, биринчи навбатда, Ҳирот саноат тармоғида ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотлар, жумладан, салқин ичимликлардан иборат.
“Экспортдаги бу ўсиш Марказий Осиёда афғон маҳсулотларига талаб ортиб бораётганини акс эттириб, минтақадаги савдони кенгайтириш учун иқтисодий имкониятлар ва салоҳиятни таъкидлайди”,
дейди Алемераҳнинг Афғонистон ҳукуматидаги расмий манбаси.
Шу сабабли ҳам ўтган ҳафта Туркманистон элчиси Хўжа Овезов ва Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Торғунди вокзалининг ўтказиш имкониятини кенгайтириш масаласи муҳокама қилган.
Ўтган йил охирида эса Ҳиротда туркманистонлик ҳамкасби Рашид Мередов билан бўлиб ўтган учрашувда Муттақий Торғунди портида юкларни ташиш кечаю кундуз давом этишига умид билдирган.
Аввалроқ Қозоғистон, Туркманистон ва Афғонистон Торғундида логистика маркази ташкил этишга келишиб олган эди.
“Сўнгги йилларда Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми умуман ошди. Бироқ, ушбу мамлакатлардан Афғонистон бозорига экспорт қилиш савдо муносабатларида устунлик қилишда давом этмоқда.
Туркманистоннинг Афғонистон билан савдо айланмаси 2023 йилда 481 миллион долларга етган ва Афғонистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Қозоғистон 2030 йилга бориб экспорт ҳажмини 40 фоизга, транспорт ҳажмини эса 3 баробарга оширишни прогноз қилмоқда”,
деб ёзган Алемераҳ.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Афғонистон 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 6 бараварга ошириб, 266 миллион долларга етказганди.
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар рейтингида Афғонистон 5-ўринда турибди. Мамлакатга жорий йилнинг 5 ойида жами 372 млн АҚШ долларлик товар экспорт қилинган.