✔️COP29 саммитида Марказий Осиё минтақасини энергетика қарамлигидан қутқариш ечимлари берилди
➖Марказий Осиё яшил энергия маркази бўлиши мумкинми?
➖Минтақанинг энергетик харитаси қандай?
“Эмбер” ташкилоти томонидан тайёрланган янги ҳисоботга кўра, Марказий Осиё ва Кавказ ҳудудлари яшил энергия коридорларини ривожлантириш орқали қайта тикланадиган энергия манбаларини кенг кўламда ривожлантириш салоҳиятига эга. COP29 саммити доирасида ушбу ҳудудлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик орқали “яшил энергия коридорлари”ни ривожлантириш масаласи кенг муҳокама қилинган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Марказий Осиё ўз энергия келажагини қайта тикланадиган энергия манбаларини устувор йўналиш қилиб олган ҳолда таъминлаши мумкин. Чунки мавжуд энергетика тизимлари электр ва газ талабининг ошиб бориши фонида қийинчиликларга дуч келмоқда.
Режалаштирилаётган яшил энергия коридорлари Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия ва Европа Иттифоқини бирлаштириб, турли қайта тикланадиган манбалардан фойдаланиш имконини беради. Бу эса арзон ва барқарор энергияни чегаралар орқали етказиб беришга хизмат қилади.
Энергетика соҳасидаги қийинчиликлар
Бугунги кунда минтақа қазилма ёқилғиларга, хусусан газ ва кўмирларга қарам бўлиб қолмоқда. Туркманистон (99%), Ўзбекистон (94%) ва Озарбайжон (89%) энергетика соҳасида газга тўлиқ боғлиқ. Қозоғистонда эса электр энергиясининг 57% кўмир, 29% газ орқали ишлаб чиқарилади.
Тожикистон, Қирғизистон ва Грузия каби давлатларда гидроэнергия асосий қайта тикланадиган манба ҳисобланиб, умумий электр энергиясининг 76-88% ни таъминлайди. Шу билан бирга, минтақа электр энергия ишлаб чиқаришда ҳар йили 239 миллион тонна карбонат ангидрид газини ҳавога чиқаради, бу Туркияга нисбатан 62% кўпроқдир.
Катта имкониятлар: шамол, қуёш ва гидроэнергия
• Шамол энергияси: Қозоғистон қуруқликдаги шамол энергетикаси бўйича минтақада етакчи ҳисобланиб, йилига 929 ТВт/соат энергия ишлаб чиқариши мумкин. Каспий денгизида эса 845 ГВт қувватга эга шамол энергетикасини ривожлантириш имконияти мавжуд.
• Қуёш энергияси: Жанубий давлатлар, хусусан Туркманистон ва Ўзбекистон, қуёш энергияси салоҳиятига эга. Туркманистон қуёш энергияси орқали 655 ГВт энергия ишлаб чиқариши мумкин бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 27 ГВт ни ташкил этади.
• Гидроэнергия: Тожикистон (264 ТВт/соат), Қирғизистон (55 ТВт/соат) ва Қозоғистон (62 ТВт/соат) гидроэнергетика имкониятларига эга, бироқ бу салоҳият тўлиқ ишга солинмаган.
Қайта тикланадиган энергия мақсадлари
• Қозоғистон: 2030-йилгача қайта тикланадиган энергия улушини 15% га етказиш орқали “sof nol” (net zero) мақсадини қўйган.
• Ўзбекистон: 2030-йилгача қайта тикланадиган энергияни 40% га оширишни режалаштирмоқда.
• Озарбайжон: 2030-йилгача 30% қайта тикланадиган энергия улушига етишиш мақсадида 1,5 ГВт қувватга эга шамол ва қуёш лойиҳаларини амалга оширади.
Ҳудудлараро ҳамкорлик муҳимлиги
Электр боғланмаларнинг мустаҳкамланиши, хусусан, Қозоғистоннинг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасида ҳамда Қозоғистон ва Озарбайжонни боғловчи линиялар қурилиши минтақанинг энергия тизимини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Каспий денгизи остидаги кабел ва Қора денгиз бўйлаб Руминия ва Грузия ўртасида янги линиялар қурилиши Марказий Осиё ва Европани боғлайдиган муҳим қадам бўлади.
Хулоса
“Марказий Осиё ва Кавказда яшил энергия коридорларини ривожлантириш орқали қайта тикланадиган энергия имкониятларини ишга солиш, энергия хавфсизлигини ошириш ва қазилма ёқилғиларга қарамликни камайтириш мумкин”, дейилади ҳисоботда. COP29 саммити давомида минтақадаги давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ушбу ҳудудни барқарор ва бирлашган энергия келажагига олиб чиқиши кутилмоқда.




