27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловлардан олдин сиёсий партиялар бирин-кетин ўзларининг сайловолди дастурларидаги асосий ғояларни эълон қила бошлади.
“Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров бу галги сайловларда миллиятчилар Қонунчилик палатасида нечта депутатлик ўрнига даъвогарлик қилиши ҳақидаги саволга камида 50 та депутут партия вакиллари бўлишига умид қилишини билдирди.
Шунингдек, бу сафар қайси партияни рақобатчи сифатида кўриши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.
Қодировга кўра, Халқ демократик партияси ва Экологик партия “Миллий тикланиш” учун асосий рвқобатчига айланади.
Интервью давомида “Миллий тикланиш” лидери жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлашга доир қарашлари билан ҳам ўртоқлашди. Хусусан, у “Биз ижтимоий давлат деган тушунчада давлат сиёсати мамлакатдаги имкониятлари ва даромади кўп бўлган қатламни даромади камроқларга кўрсатган кўмагини давлат томонидан рағбатлантирилиши деб тушунамиз”, дея таъкидлади.
Ўз фикрини изоҳлар экан, социал-демократлардан фарқли равишда давлат ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолига инвестицияларни йўналтиришда бюджетдан бевосита манба сифатида фойдаланмаслиги, балки даромади кўп бўлган қатламни ўз хоҳиши билан саҳоватли бўлишга ундаши лозимлигини айтди. Ўз фикрини асослашда у муҳтожларга ёрдам кўрсатиш ўзбек халқининг анъаналари қаторида эканлиги, барча юкни бюджетга юклаш нотўғри бўлишига урғу қаратди.
Сўзида давом этар экан, Алишер Қодиров партия илгари сураётган ғояни амалга ошириш орқали Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя соҳасида ўзига хос намуна ярата олишига эътибор қаратди. Бу борада у шундай деди: “Агар биз айнан қадриятларга таянган иқтисодий ечимни таклиф қиладиган бўлсак, бу Ўзбекистонни ўзига хос ижтимоий сиёсати бўлади. Ўйлайманки, бу сиёсат дунёда хатто намуна бўлиши ҳам мумкин”.
Интервью давомида Қодиров партиясининг яна кўплаб ташаббуслари ҳақида гаприб ўтди.




