Яқин вақтгача Қорақалпоғистоннинг Нукус туманидаги реабилитация марказида тоза ичимлик суви етишмасди. Беморлар учун зарур шароит йўқ эди. Ҳозир эса марказда хавфсиз ичимлик суви мавжуд, ҳудудда помидор, қовоқ каби сабзавотлар етиштирилмоқда ва улар беморлар рационидан жой олмоқда.
Бу ўзгариш Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилган ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида амалга оширилган Жокасо технологияси туфайли юз берди. Бу компакт тозалаш тизими оқова сувни хавфсиз ҳолга келтириб, уни қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланиш имконини беради.
“Энди ҳар бир томчидан самарали фойдаланамиз. Ҳосил учун хавотиримиз қолмади”, — дейди марказ раҳбари Жениспай Турсунбеков.
Сув билан бирга марказ атрофида кўплаб кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди, бу эса беморлар учун янада маънавий ва психологик барқарор муҳит яратди.
Мактаб ва боғчаларда тозалик ва таълим

Жокасо тизими Хўжайли туманидаги 13-сонли боғча ва махсус мактабда ҳам ўрнатилди. Бу муассасаларда аввал канализация тизими йўқ эди. Энди эса болалар тоза ва гигиеник муҳитда таълим олишмоқда, айниқса ногиронлиги бўлган болалар учун бу жуда муҳим.
Бундан ташқари, Жокасо тизими болалар учун амалий ўқув воситасига айланди — улар тозалаш жараёнини кузатиб, гулзорларга сув қуйишни ўрганишмоқда ва сувни асрашнинг аҳамиятини билиб олишмоқда.
Технология самараси: иқтисод, табиат ва келажак

2025 йил март ойидан буён Қорақалпоғистондаги учта Жокасо тизими орқали 16 400 куб метр оқова сув тозаланди. Бу эса 12–13 гектар ер майдонини суғоришга етгудек сув захирасини англатади. Тизим қиммат қурилишларнинг олдини олиб, муассасалар ва оилалар учун молиявий енгиллик яратди.
Япония, БМТТД ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлиги орқали бу тажриба мамлакатнинг бошқа сув танқислигига дуч келаётган ҳудудларида ҳам кенг жорий этилиши режалаштирилган.




