2017 йилгача гидроэнергетика тармоғи “Ўзбекэнерго” АЖ таркибидаги 28 та ГЭС ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги 8 та ГЭСдан иборат бўлган. Бу каби бўлиниш пировардида гидроэнергетика соҳасини техник бошқаришнинг зарурий яхлитлиги мавжуд эмас эди. Шу боис ҳам, 2017 йилда ташкил этилган “Ўзбекгидроэнерго” АЖга – ГЭСларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришида ягона техник сиёсатни амалга ошириш, гидротехник иншоотлардан хавфсиз ва самарали фойдаланиш, шунингдек, гидроэнергетика объектларини марказлаштирилган технологик бошқаришни таъминлаш вазифаси топширилди.
Ўтган қисқа давр мобайнида гидроэнергетика ҳақиқатдан ҳам мамлакатимиз иқтисодиётини асосий драйвер йўналишларидан бири ва соҳани олға етакловчи локомотивига айланди. Замонавий тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар қаторида миллий иқтисодиётимизнинг муҳим қувват манбаи ҳисобланган гидроэнергетика тармоғи ҳам изчил ривожланди.
Жамият ўзининг 8 йиллик тарихи давомида мураккаб шаклланиш ва жадал ривожланиш йўлини босиб ўтди ҳамда бугунги кунда юртимиз гидроэнергетикасининг мустақил, ягона ва асосийси яхлит тизими сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Гидроэнергетиклар жамоасининг фидокорона меҳнати натижаси ўлароқ, ўтган йиллар мобайнида жамият томонидан қурилиш ҳамда модернизация лойиҳаларига қарийб 1 млрд долларлик инвестиция йўналтирилиб, мамлакатимизда 60 тага яқин лойиҳалар амалга оширилиб, ГЭСлар янгитдан бунёд этилди, мавжудлари эса замонавий технологиялар асосида модернизация қилинди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил топгандан буён янги қурилиш ва модернизация лойиҳаларига қарийб 1 млрд долларлик инвестициялар йўналтирилди.
Жалб қилинаётган кенг кўламли капитал қўйилмалари ва чет эл инвестициялари ҳисобига энг замонавий технологияларга асосланган янги ГЭСлар барпо этилмоқда.
Йилдан йилга “Ўзбекгидроэнерго” АЖ салоҳияти ва жозибадорлиги янада ошиб бормоқда. Жамият томонидан бугунги кунга қадар умумий қуввати 430 МВтга тенг бўлган 55 та ГЭС фойдаланишга топширилди. Шундан, 42 та янги ГЭС қурилган бўлса, 13 та мавжуд ГЭС замонавий талаблар асосида тўлиқ модернизация қилинди. Мазкур кўрсаткичлар Жамият фаолиятига ижобий таъсир этиб, 2024 йил якунлари билан Жамиятнинг умумий активлари қиймати илк бор 1 млрд 200 млн. долларга етказилди. 2017 йил билан таққосланганда, жами активлари қиймати 4 баробарга ошди.

2024 йилда тизимдаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан 8,2 млрд. кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 2023 йилга нисбатан 20 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини англатади. Амалга оширилган янги лойиҳалар ҳамда модернизация чора-тадбирлари ҳисобига 2024 йилдаги ишлаб чиқариш кўрсаткичи 100 йиллик тарихга эга гидроэнергетика фаолиятида энг юқори – рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Шубҳасиз, бу барча гидроэнергетикларга юксак фахр ва ғурур бахш этади.
Дарҳақиқат, бу каби улкан натижаларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ миқёсида электр энергияси ишлаб чиқаришда тун-у кун фидокорона меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимларнинг бирдек улуши ва ҳиссаси бор.
2024 йилда гидроэнергетика соҳаси учун муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбир-ларини жадаллаштириш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, гидроэнергетика қувватларини янада ошириш мақсадида тармоқни ривожлантириш Стратегияси тасдиқланди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ жорий 2025 йилда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича устувор вазифаларни амалга оширишга бел боғлаган:
– 9 млрд. кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 110 фоиз ўсиш суръатига эга бўлиш;
– Инвестиция дастурига асосан умумий 3,4 млрд. долларга тенг 15 та лойиҳани амалга ошириш: умумий қуввати 2 ГВт бўлган 4 та гидротўплаш электр станциялари лойиҳалари ҳамда жами қуввати 540 МВт бўлган 5 та йирик ГЭС қурилиши бўйича лойиҳанинг актив фазасига ўтиш ва қурилиш ишларини бошлаш;
– умумий қуввати 222 МВт, йиллик ишлаб чиқариши 1 млрд. кВт соатга тенг 38 та лойиҳани фойдаланишга топшириш;
– саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 700 млрд. сўмга етказиш, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 450 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда саноат кооперациясини 340 млрд. сўмга чиқариш, шунингдек, экспорт кўрсаткичини 15 млн. долларга етказиш;
– асосий фаолиятдан ташқари қўшимча даромад бўйича тармоқда режалаштирилган соҳавий қурилиш ва модернизация жараёнларини инобатга олган ҳолда, камида 30 млрд. сўмлик қўшимча даромад олиш;
– соҳани рақамлаштириш ишларини давом эттириш, жумладан, капитал қурилиш ишларига рақамли технологияларни жорий этиш.
Мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасининг изчил тараққиёти электр энергияси ишлаб чиқариш қув-ватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиши, хонадонлар ободлиги ва нурафшонлиги, энг муҳими, Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим ҳисса қўшади.
Инвестициявий лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши ва мавжуд станцияларни модернизацияси натижасида қўшимча 430 МВт қувват яратилиб, амалдаги ишлаб чиқариш қувватлари ҳажми 2,3 ГВт.га етказилди.
Бугун мамлакатимизда Жамият тасарруфидаги ГЭСларнинг умумий сони 80 дан ортиқни ташкил этмоқда.
Мамлакатимиз гидроэнергетикаси қарийб 100 йиллик тарихга эга бўлиб, Давлатимиз мустақилликка эришган 1991 йилгача гидроэнергетик қувватлар ҳажми 1 705 МВт га эга эди.
1991-2017 йиллар давомида (“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилгунга қадар) жами гидроэнергетик қувватлар ҳажми 1 856 МВт га етказилди. 26 йил давомида 151 МВт ҳажмдаги гидроэнергетик қувватлар яратилди.
2017 йилдан бугунги кунга қадар, яъни қисқа 8 йиллик давр мобайнида эса Президентимиз қўллаб-қувватлови билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан олиб борилган модернизация ва янги ГЭСлар қурилиши лойиҳалари асосида 400 МВт қувватга тенг янги гидроэнергетик қувватлар яратилди. Умумий қувватлар ҳажми 2 256 МВт га етказилди.
Рақамлар мисолида, 2024 йилдаги электр энергияси ишлаб чиқариши бир асрлик тарихга эга гидроэнергетика соҳасида энг юқори 8,2 млрд кВт соатни ташкил этди.
2017-2024 йиллар сарҳисобига кўра, Жамият тасарруфидаги энергия корхоналари томонидан малакатимиз аҳолиси ва саноати эҳтиёжи учун жами 52 млрд кВт. соат экологик тоза қайта тикланувчи ва яшил электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу эса, қарийб 22 млн хонадон ёки 70 млн аҳолини бир йиллик электр энергияси сарфи эканлигини англатади.
Янги қурилиш ва модернизация лойиҳалари учун умумий 8,5 трлн сўм маблағ йўналтирилди.
Ўтган 8 йиллик даврда тармоққа етказиб берилган электр энергияси реализацияси 13,2 трлн сўмни ташкил этди. Бунда, Давлат ғазнасига йирик солиқ тўловчилар сифатида 3,5 трлн сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилди.
2017-2024 йиллар давомида ишга туширилган лойиҳалар доирасида деярли 1 000 тага яқин доимий янги иш ўринлари яратилди ва тизимдаги умумий ходимлар сони 4 000 нафардан ошди.
Жамият 2020 йилда республика саноат корхоналар орасида биринчи бўлиб “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг В+ (ижобий) халқаро кредит рейтинги қўлга киритди ҳамда мустақил кредит рейтингини сўнгги 5 йил давомида барқарор VV- республика суверен даражасида сақлаб келмоқда.
Жамият 2 йилдирки, ESG ни 2-даражали рейтингига эга бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда етакчилик қилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ГЭСлар ва сув омборлари ва улардаги гидротехника иншоотларини хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, назорат-лчов қурилмаларидан олинаётган маълумотларни инсон омилисиз автоматик диагностика ва онлайн мониторинг қилиш борасида бир қатор амалий чора-тадбирлар тизимга изчил татбиқ қилинди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда илк маротаба гидротехника иншоотларини рақамлаштириш мақсадида соҳадаги илғор АҚШ, Канада, Англия, Швейцария, Италия, Словакия ва Хитой давлатларининг нуфузли компаниялари ижобий тажрибаси ўрганилиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида техник ва ташкилий узилишларни бартараф этиш ҳамда ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш йўли билан гидроэнергетикада гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган ахборот тизимларининг ягона мажмуаси ҳисобланган “Вазиятлар маркази” фаолияти йўлга қўйилди.
Тизимда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида яшиллик даражасини ошириш мақсадида ўтган йиллар давомида жами 15 млрдга яқин маблағлар сарфланиб, 200 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди, суғориш тизимлари билан таъминланди ҳамда ҳудудлар кўкаламзорлаштирилиб, ободонлаштирилди. Шу билан бирга, Жамият тизимидаги “Энергетиклар сиҳатгоҳи” – гидроэнергетика тизимида фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларининг мароқли ҳордиқ чиқариши, тан-сиҳатлиги ҳамда саломатлигини назорат қилиши ва тиклаши учун мўлжалланган сиҳатгоҳ ҳисобланади. Сиҳатгоҳда ҳар йили Ижро аппарати ходимлари ҳамда тизим корхоналари ишчи-ҳодимлари малакали даврий тиббий кўрикдан ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, Жамият томонидан ҳар йили анъанавий равишда ўтказилиб келинадиган мазкур жараён ходимларнинг саломатлигини тажрибали шифокорлар ёрдамида ҳар томонлама ўрганиш, назорат қилиш, тиклаш ва яхшилашга қаратилган. Зеро, кадрлар саломатлиги ташкилот фаолиятининг ривожида муҳим омиллардан биридир.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳузуридаги “Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти” нодавлат таълим муассасаси томонидан соҳани янада ривожлантиришда инновацион ғояларни амалиётга кенг жорий этиш, энергетика, шу жумладан, гидроэнергетика тармоғида ишлаб чиқариш ва гидротехник иншоотлар қурилиши корхоналарини замонавий билим ва кўникмага эга мутахассислар билан таъминлаш, соҳада фаолият юритаётган ходимларни қайта ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу таълим муассасасида ҳар йили 1 000 дан ортиқ тингловчилар турли соҳавий йўналишларда ўқитилмоқда.
Жамиятнинг устувор режалари қаторида Президентимизнинг 2024 йил 12 июлдаги “Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини жадаллаштириш тўғрисида”ги Қарорига асосан тармоқни 5 йилликка мўлжалланган ривожлантириш Стратегиясига асосан 2028-йилга қадар инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш натижасида мавжуд қувватларни 5,5 ГВтга, йиллик ишлаб чиқаришни 17-19 млрд кВт. соатга (2 бараварга) етказиш белгиланган. Ривожланиш дастури ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йилнинг ўзида 38 та саноат лойиҳани ишга туширишни ўзимиз учун олий мақсад қилиб олинган.
Хусусан, жами қиймати 405 млн долл., қуввати 200 МВт га тенг 10 та йирик лойиҳа, халқаро беғараз кўмак – грант маблағ ҳисобига 20 МВт га тенг Шамол электр станциялар лойиҳаси ҳамда республикада маҳаллийлаштиришни ошириш мақсадида қуввати 40 МВт гача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш бўйича “миллий” завод лойиҳаси ишга туширилади.
Бундан ташқари, республика ҳудудлар бўйлаб жами қуввати 3,8 МВт га тенг 26 та босимли ва кинетик турбинали мини ва микро ГЭСлар фойдаланишга топширилади.
Жамиятнинг 8 йиллик фаолиятида эришилган ютуқ ва натижалар нафақат энергетика тизимида, балки бошқа соҳалар билан таққосланганда ҳам юқори кўрсаткичларга эга бўлиб, соҳа етакчиси – “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангиновнинг ташаббускорлиги, замон билан ҳамнафас эканлиги, фидойилиги, қўл остидаги ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга интилиши ва куч-ғайрати ушбу ютуқлар замирида муҳим рол ўйнайди. Жорий 2025 йил мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида туб бурилиш йили, ўзига хос юксалиш давридир.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан жорий йилда 9 млрд кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқариш, 3 млрд. доллардан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, умумий қуввати 230 МВтдан ортиқ бўлган 38 та лойиҳани фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, ушбу устувор мақсадлар сари дадил амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги “Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида гидротехник иншоот объектларини қуриш ишлари режавий асосда олиб борилмоқда.

Лойиҳавий қуввати 90 МВт га тенг Қуйи Чотқол ГЭСни жорий йилда давлатимиз мустақиллиги байрами арафасида қуриб битказилиши режалаштирилган.
Эътиборли жиҳати, қурилиш ишлари доирасида Республикамиз ва Марказий Осиёда илк бор янги замонавий технологиялар асосида биринчи марта тўғон конструкцияси босиб зичланган (укатанний) бетонли типда қурилади. Сув омбори ҳажми 6,8 млн м3 га тенг.
Мазкур типдаги тўғон қурилиши лойиҳани амалга ошириш муддатини 2 баробарга қисқартириш ҳамда сув омбори кунлик сув сарфини самарали бошқариш имконини беради. Натижада, мазкур мустаҳкам тўғонда қуриладиган ГЭС кун давомида электр энергиясига талаб кескин ошган даврда (пиковое время) яъни ростловчи қувватларда электр энергияни ишлаб чиқариш имкониятини юза келтиради. Бетон тўғон баландлиги 60 метр, узунлиги 270 метр, тўғон усти эни 7,5 метрни ташкил этади.
ГЭС объектлари қурилишида, хусусан, цементация ишларини амалга оширишда ГEРТEК (Германия) компаниясининг илғор ускунасидан фойдаланилмоқда. Ушбу технология автоматик тарзда цементация учун махсус қоришмани (раствор) тайёрлайди ҳамда уни скважиналарга юборади. Мазкур ускунани масофадан, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб бошқариш ва иш фаолиятини реал вақт режимида кузатиш мумкин. Филтрацияга қарши тадбирларни амалга ошириш мақсадида тўғон ва унинг ўқи бўйлаб цементация пардаси ишлари бажарилади. Зичланган бетон тўғони қурилишида ишлатиладиган босиб зичланган бетонни тайёрлашда қўшма котловандан олиб чиқилган грунтлардан фойдаланилади. Яъни, олиб чиқилган грунтлар қурилиш майдонида ўрнатилган қуввати 500 тонна/соат бўлган бўлган инерт материалларни ишлаб чиқарувчи-сараловчи заводдан турли фракциялардаги қум ва чақиқ тош кўринишида ишлаб чиқарилади. Мазкур инерт материаллар босиб зичланган бетоннинг асосий таркибини ташкил этади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида тўғон ювиш галереясида емирилишга чидамли ва мустаҳкамлик даражаси юқори бўлган (М800 маркали) бетон қуйиш ишлари амалга оширилди. Сув омборидан йиллик қаттиқ оқимни (сувда эриган ва тубда тўпланган чўкиндилар) ювиш жараёнида умумий ҳажми 1 млн.м³ бўлган сув ГЭС биноси ва бетон тўғон ичида жойлашган ювиш галереяси орқали ўтказилади. Бу жараёнда ювиш галереяси иншоотининг контакт юзасига катта гидростатик юклама таъсир қилади. Асосий ишқаланиш юкламаси ювиш галереясининг туб қисмига ва деворларнинг ўртасигача бўлган қисмига тушади. Ювиш галереясининг бутун узунлиги бўйлаб туб қисми қуйма темир плиталар билан қопланган. Қуйма темир – емирилишга чидамли ва узоқ муддат хизмат қилувчи материал бўлиб, плиталарнинг конструкцияси эскирган қисмларини янгилари билан алмаштириш имконини беради. Асосий қурилиш-монтаж ишларини сифатли ташкил этиш ва назорат қилиб бориш жаҳоннинг илғор компанияларидан бўлган MATEST (Италия) томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар ёрдамида амалга оширилади. Эътиборли жиҳати, қурилишда ўрнатилган замонавий ва илғор тасмали конвеер технологиясидан жаҳондаги 5 та давлатдагина фойдаланилган – АҚШ, Канада, Италия, Эрон ҳамда Ўзбекистонда. Бу борада, Жамиятга эронлик тажрибали муҳандис-конструкторлар томонидан зарурий маслаҳат ва тавсиялар олинган.
Ушбу истиқболли лойиҳада мамлакатимиз тарихида илк бор жаҳон стандартлари асосида тўғон ва ГЭС биноси яхлит иншоот сифатида қурилмоқда.
Яна бир йирик лойиҳа – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 мартдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, 2024-2030-йилларда мамлакатимиздаги мавжуд гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини ошириш, янги гидроэнергетик қувватларни яратиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари доирасида Наманган вилояти Норин дарёсида умумий қуввати 228 МВт бўлган Норин ГЭСлар каскади қурилиши лойиҳаси юқори суръатларда амалга оширилмоқда.
Норин ГЭСлар каскади 6 та ГЭСдан иборат бўлиб, ҳар бир ГЭСнинг қуввати 38 МВтни (9,5 МВт қувватли 4 тадан гидроагрегат ўрнатилади) ташкил қилади. Ушбу истиқболли лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига ўртача 1 025 млн. kVt.soat экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. Қурилиш давридаги ишчилар сони: 300 та.
Лойиҳа тўлиқ “Ўзбекгидроэнерго” АЖ маблағларидан молиялаштирилади.
Қурилиш жараёни: режага мувофиқ ГЭС-1 ва каскад подстанцияси қурилиши 2024-2025 йй., ГЭС-2 қурилиши 2025-2026 йй., ГЭС-3 ва ГЭС-4 қурилиши 2026-2027 йй., ГЭС-5 ва ГЭС-6 қурилиши 2027-2028 йилларда амалга оширилади.
Лойиҳа ишга туширилгач, йилига ўртача қарийб 430 минг та хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига ўртача 277 млн. м3 газ иқтисод қилинади. Яратиладиган доимий иш ўрни – 133 тани ташкил этади.
2024 йил 25 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Наманган вилоятининг Уйчи туманида қуввати 228 МВт бўлган Норин ГЭСлар каскади қурилиши лойиҳасининг бошланишига старт берилди. Ушбу истиқболли лойиҳа вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожи учун муҳим энергетик манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Энг аҳамиятлиси, мазкур барпо этиладиган ГЭСлар каскади республикада биринчи бор тўлиғича “Миллий ГЭС”га айланади. Сабаби, лойиҳа тўлиқ Жамият маблағлари ҳисобидан, маҳаллий лойиҳалаштириш ва пудрат ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Лойиҳа учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ҳам ўзимизда тўлиқ маҳаллийлаштириш асосида ишлаб чиқарилади.
Лойиҳа доирасида Жамият Бошқаруви раисининг ташаббуси билан дарёнинг босимсиз сув оқими ҳудудида янги технологик ечимлар асосида босимли сув оқими ҳосил қилинмоқда. Лойиҳадаги ГЭСларда капсула шаклидаги гидроагрегатлар ўрнатилади.
Бугунги кунда каскад таркибидаги ГЭС-1 да қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жорий 2025 йилнинг мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида туб бурилиш йили эканлигини эътиборга олсак, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ГЭС-1 ни жорий йилнинг сентябрь ойида давлатимизнинг Мустақиллик байрами арафасида ишга тушириш режалаштирилганлиги, айни муддаодир.
Мамлакатимиз гидроэнергетика тармоғи ривожига муҳим ҳисса қўшиб келаётган “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан маҳаллийлаштириш йўналишида, хусусан, тармоқ учун зарурий эҳтиёт-қисмлар, жиҳозлар, асбоб – ускуналарни ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада, Хитой Халқ Республикасининг соҳада улкан тажрибага эга бўлган “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” (Жинлун) компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “UzHydroPower” заводи ташкил қилинди.

Заводда замонавий асбоб-ускуналар, илғор технолигиялар ўрнатилган бўлиб, қуввати 40 МВтгача бўлган гидроагрегатлар ҳамда соҳа учун зарурий эҳтиёт-қисмлар “Made in Uzbekistan” миллий бренди асосида маҳаллийлаштириш доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Эндиликда, “UzHydroPower” заводида ҳар бир лойиҳа учун индивидуал ва эксклюзив бўлган гидроагрегатлар ҳамда энг зарурий эҳтиёт-қисмлар (металл деталлар, затворлар, кўтариб-туширувчи механизмлар ва бошқа) лойиҳалаштирилади ҳамда ишлаб чиқарилади. Ҳозирда юқорида қайд этилган қурилиш-монтаж ишлари жадал амалга оширилаётган йирик лойиҳалар – Қуйи Чотқол ГЭС ҳамда Норин ГЭСлар каскади қурилиши жараёнларида, шунингдек, ҳудудлар бўйлаб тизимли равишда барпо этилаётган кичик ва микро ГЭСлар, сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни ўрнатиш лойиҳаларида тегишли йўналишларда айнан “UzHydroPower” заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қўлланилаётганлигини кўришимиз мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, келгуси уч йил – иш ҳажми жиҳатидан 2025-2028 йилларда осон бўлмаслигини қайд этган ҳолда, Жамият елкасига тушган улкан масъулият, белгилаб олинган улкан марраларни амалга ошириш йўлида барча ходимларнинг ўзаро жипслиги, ўз ишига масъулият билан ёндашиши ҳамда фидойилигини намоён этиши лозимлиги, ўз касбини севиб-ардоқлаши талаб этилади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ
Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида




