Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган янги Президент фармони (ПФ-13-сон, 28.01.2025) қабул қилинди. Ушбу ҳужжат тармоқни такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва бозорни тартибга солишга қаратилган. Аммо бу чора-тадбирлар дорилар нархига қандай таъсир кўрсатади?
Uzdiplomat мухбири турли версияларни кўриб чиқди.
Янги тартиб ва унинг асосий йўналишлари
Фармон асосида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди. Жумладан:
Биологик фаол қўшимчалар ва косметика саноатини ривожлантириш;
Ҳудудий фармацевтика корхоналарининг инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилиш;
Фармацевтика соҳасини рақамлаштириш.
Шунингдек, 2025 йил якунига қадар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг лабораторияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг дастлабки квалификациясидан ўтиши кутилмоқда.
Дорилар нархига таъсир қилувчи асосий ўзгаришлар
Янги тартибга асосан, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб:
– Чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситаларига татбиқ этилади.
Бу ўзгариш эркин бозордаги нархлар динамикасига таъсир қилиши мумкин. Рецептсиз сотиладиган дори воситаларига савдо устамаларининг чекланмаслиги айрим препаратларнинг нархи кескин ошишига сабаб бўлиши эҳтимолини оширади.
– Бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқариладиган бир хил таркибли дориларга энг паст референт нарх қўлланилади.
Бу нархлар сунъий равишда юқори бўлишининг олдини олиб, айрим дори воситалари нархининг пасайишига олиб келиши мумкин.
– Дориларнинг референт нархлари автоматик равишда қайта кўриб чиқилади.
Хорижий валютада белгиланган референт нархлар бозор шароитига мослаштирилиши, импорт маҳсулотлар нархи ошиши ёки тушишига таъсир қилиши мумкин. Агар миллий валюта қадрсизланса, импорт қилинадиган дорилар нархи кўтарилиши мумкин.
Нархларнинг ошиши ёки пасайиши кутилмоқдами?
Фармон доирасида қабул қилинган чора-тадбирлар икки хил йўналишда таъсир қилиши мумкин:Позитив таъсир: Референт нархлар механизми ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳисобидан айрим дорилар нархи пасайиши мумкин.Негатив таъсир: Рецептсиз сотиладиган дорилар учун чекланган устамалар бекор қилиниши ва бозор эркинлиги нархларни ошириши мумкин. Шунингдек, валюта курсининг ўзгариши импорт қилинувчи дориларга таъсир кўрсатади.
Амалда бу тартиб қандай эди?
Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдосида чекланган савдо устамалари қуйидагича белгиланган:
Улгуржи савдо: Сотиб олинган қийматдан 15%дан ошмаган миқдорда устама қўлланилади.Чакана савдо: Улгуржи нархдан 20%дан ошмаган миқдорда устама белгиланади. Бу чекловлар 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган. Шунингдек, ижтимоий дорихоналар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, харид қилиш нархи ёки улгуржи нархнинг 10%идан ошмаган чекланган савдо устамаси билан сотилади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб, дори воситалари учун қўлланиладиган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича имтиёзлар бекор қилинди. Бу ўзгариш дори воситалари нархига таъсир қилиши мумкин.
Янги қабул қилинган Президент фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситаларига татбиқ этилиши рецептсиз сотиладиган дори воситалари нархининг эркин шаклланишига олиб келиши мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистон фармацевтика саноати учун сўнгги 2 йил ичида миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфлаган.
Аввалроқ, «Аптека»лар одамлардан 11,6 млрд. сўм миқдорида ортиқча пулларни олгани ҳақида материал берган эдик.




