Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўл қурилиши 2024 йил октябрь ойида бошланади. Бу ҳақда Қирғизиситон Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўшга сафари чоғида маълум қилди.
“Ҳозир Қирғизистон логистика бўйича боши берк кўчага кириб қолган давлат.Темир йўл қурилса, биз дунёга чиқа оламиз. Бу ўзимизнинг йўлимиз бўлади”,
деди Садир Жапаров.
“Курсив” нашрининг хабар беришича, темир йўлнинг тахминий узунлиги 450 км дан ортиқ.
Шунингдек, Қирғизистон томони логистика лойиҳаси қийматини тахминан 8 миллиард долларга баҳоламоқда.
“Иқтисодиётимиз йилдан-йилга ўсиб боради, энг асосийси, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши режалаштирилган. Қирғизистон дунё учун транзит мамлакат бўлади”,
деди у.
Тошкентда бўлиб ўтган III Ҳалқаро инвестициялар форумида Транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев эса логистик лойиҳасининг умумий қиймати тахминан 5,1 миллиард долларлиги, темир йўл узунлиги 454 км бўлишини айтиб ўтган эди.