Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Рух заводи ишчиси Зокиржон Қурвонбоев 2019 йилда иш жойидаги печ портлаши оқибатида жароҳат олган. Орадан қарийб етти йил ўтди. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса бўйича Н-1 далолатномасини расмийлаштириш масаласи судгача борди ва суд ОКМК зиммасига бу ҳужжатни тузиш мажбуриятини юклади. Аммо ишчи ҳали ҳам Н-1ни олмаганини, компенсация ва дори-дармон харажатлари ҳам қопланмаганини айтмоқда.
Зокиржон Қурвонбоевнинг Uzdiplomat’га мурожаат қилишича, воқеа 2019 йил 23 апрелда ОКМКнинг Рух заводида содир бўлган.

У корхонада эритувчи бўлиб ишлаган вақтда ИРК-40 русумли печда портлаш юз бериб, тан жароҳати олган.
Суд материалларида ҳам Қурвонбоев 2016 йилдан Рух заводида эритувчи бўлиб ишлагани, 2019 йил 23 апрель куни сменага чиққани ва тахминан соат 8:30 ларда портлаш юз бергани ҳақидаги ҳолатлар ўрганилган.
Иш бўйича сўроқ қилинган гувоҳлар Қурвонбоевнинг портлаш пайтида жароҳат олгани ва унга биринчи ёрдам кўрсатилганини билдирган. Тиббий ҳужжатларда ҳам термик куйиш жароҳатлари қайд этилган.
Н-1 нега муҳим?
Низонинг асосий нуқталаридан бири айнан Н-1 шаклидаги далолатнома бўлган.
Бу оддий маълумотнома эмас. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани расмий қайд этадиган ҳужжат бўлиб, ходимнинг соғлиғига етказилган зарар, меҳнат қобилияти йўқотилиши ва тегишли тўловлар масаласини ҳал қилишда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Қурвонбоевнинг таъкидлашича, корхона 2019 йилда бундай далолатнома тузмаган.
Орадан бир неча йил ўтиб масала Давлат меҳнат инспекциясигача етиб борган. Эътиборлиси, судга Давлат меҳнат инспекцияси Қурвонбоев манфаатини кўзлаб ОКМКга қарши даъво киритган.
Даъвода ОКМК зиммасига ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса юзасидан далолатнома расмийлаштириш ва етказилган зарарни тўлаш мажбуриятини юклаш сўралган.
Биринчи суд ишчи фойдасига қарор чиқарди, лекин комбинат ундан норози бўлди…
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди 2025 йил 14 мартда даъвони қаноатлантирган.
Суд ОКМК зиммасига Қурвонбоевнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда олган тан жароҳати юзасидан «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва саломатликка бошқа хил зарар етказилиши тўғрисида»ги Н-1 шаклидаги далолатномани тузиб, тасдиқлаш мажбуриятини юклаган.
Шунингдек, биринчи инстанция соғлиққа етказилган зарар учун тўловларни амалга ошириш мажбуриятини ҳам белгилаган.
Бироқ ОКМК суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти берган.
Тошкент вилояти суди 2025 йил 28 ноябрда ишни апелляция тартибида кўриб чиқиб, биринчи инстанция қарорини қисман ўзгартирган.
Хусусан, ОКМК зиммасига соғлиққа етказилган зарар учун тўлов қилиш мажбурияти юкланган қисм бекор қилиниб, шу талаб рад этилган.
Бироқ Н-1 далолатномасини расмийлаштириш мажбурияти бекор қилинмаган.
Бу муҳим тафовут бўлиб, бугунги кунда ОКМКнинг Қурвонбоевга компенсация тўлаши шартлиги ҳақида кучда турган суд қарори йўқ. Аммо ҳодисани ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса сифатида Н-1 билан расмийлаштириш мажбурияти кучда қолган.
Вилоят суди буни яна бир бор аниқлаштирган
2026 йил 18 февралда Тошкент вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати иш бўйича қўшимча ажрим чиқарган.
Унда Оҳангарон туманлараро суди қарорининг ОКМК зиммасига Қурвонбоевга Н-1 шаклидаги далолатномани тузиб, тасдиқлаш мажбуриятини юклаган қисми ўзгаришсиз қолдирилгани алоҳида қайд этилган.
Шу тариқа қарийб етти йиллик низода Қурвонбоев иш вақтида олган жароҳати бўйича ОКМК расмийлаштириши керак бўлган ҳужжатни ололмай судма-суд сарсон бўлиб юрибди.
«2019 йил 23 апрелда ИРК-40 печида содир бўлган портлаш сабаб тан жароҳати олганман. Ишхона ушбу ҳодиса юзасидан Н-1 далолатномаси тузиши керак эди, аммо тузмай келган. Менга компенсация тўловлари, дори-дармон харажатлари ҳам тўланмаган», — дейди у.
Бу низо Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири билан унинг бир ишчиси ўртасида кетмоқда.
ОКМКнинг расмий маълумотига кўра, 2025 йилда 51,6 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган, экспорт ҳажми 510,4 млн долларни ташкил этган. Корхона давлат бюджетига 23,57 трлн сўм маблағ ўтказганини маълум қилган.
Шу кунларда тарқатилаётган 2026 йилнинг биринчи ярми бўйича молиявий ҳисоботда эса ОКМКнинг соф тушуми 30,2 трлн сўм, соф фойдаси 8,69 трлн сўм бўлгани кўрсатилган.
Шу молиявий кўлам фонида Рух заводининг бир ишчиси 2019 йилда иш жойида олган жароҳатини расмийлаштирувчи ҳужжати учун қарийб етти йилдан бери курашиб келади. Лекин триллионлар топаётган комбинат мутасаддилари унга бефарқ.
Uzdiplomat комбинатнинг вазият юзасидан изоҳини ҳам эълон қилишга тайёр.




